Экологик акциялар ўтказилди
Ўзбекистон Экологик партиясининг ҳудудий ташкилотлари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида 30 март — Халқаро чиқиндисиз кун муносабати билан кенг кўламли экологик акциялар ташкил этилмоқда.
Акцияларда партия ташкилотлари билан бирга туман ва шаҳар ҳокимликлари, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқарма ва бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлик қилишмоқда.

Марғилон шаҳрида ўтказилган акцияда 2-Марғилон тиббиёт техникуми ва Фарғона давлат техника университети талабалари, шунингдек, экофаол ёшлар фаол қатнашди. Улар шаҳар ҳудудларида тозалаш ишларини олиб бориб, турли чиқиндиларни йиғиш ҳамда атроф-муҳитни асрашга қаратилган тарғибот ишларини амалга оширдилар.
Тадбир давомида ёшларга чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш маданиятини шакллантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик масъулиятни ошириш юзасидан муҳим тушунчалар берилди.

***
“Халқаро чиқиндисиз кун” шиори остидаги оммавий плоггинг эко-акцияси Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласи соҳил бўйида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари, “Ёш экологлар” қаноти аъзолари, маҳалла аҳолиси, ёшлар, эковолонтёрлар ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган фуқаролар фаол қатнашди.

Акция давомида чиқиндилар саралаб ажратилди, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга эътиборли муносабатни шакллантириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Тадбир якунида ҳудуддан жами 478 килограмм турли турдаги чиқиндилар йиғиб олиниб, белгиланган тартибда олиб чиқилди. Акция жараёнида энг кўп чиқинди тўплаган жамоа аниқланиб, уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби экоакциялар аҳолининг, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, уларда табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудлар тозалигини таъминлаш масъулиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА