Миллий либослар орқали қадриятларимиз улуғланди
Янгиер шаҳрида Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси,Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиали ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида “Миллий либослар — фахримиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ва миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди.
Миллий қадриятларни асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналарни кенг тарғиб қилиш, ёшлар қалбида миллий либосларга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур тадбир юқори савияда ташкил этилиб, иштирокчилар хотирасида эсда қоларли воқеа сифатида муҳрланди.

Кўргазмада мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос миллий либослар, атлас ва адрас матоларидан тайёрланган анъанавий ҳамда замонавий кийим намуналари, шунингдек, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Иштирокчилар миллий либосларнинг тарихи, уларнинг маънавий-эстетик аҳамияти ва бугунги кундаги ўрни ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Тадбир давомида миллий қадриятларни улуғлаш, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий ғурур руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий либослар халқимизнинг бой маданий мероси ва ўзига хослигини ифода этувчи муҳим маънавий қадрият сифатида эътироф этилди.
– Мазкур тадбир ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда миллий ўзликни англаш ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Миллий либослар халқимизнинг асрий анъаналари, маданий мероси ва эстетик диди акс этган бебаҳо қадриятдир. Бундай тадбирлар орқали ёшлар ўз тарихини чуқурроқ англайди ва уни замонавий талқинда намоён этиш имконига эга бўлади, – деди Филиалнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниев.

Шунингдек, яқинда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган “Milliy Fashion Show” танлови ҳам ёдга олинди. Ушбу танлов олий таълим муассасалари талабалари ўртасида миллий либосларни замонавий услубда намоён этиш, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш ва ижодий салоҳиятни юзага чиқариш мақсадида ташкил этилган.

Юқори савияда ўтган танловда иштирокчилар миллий либосларни замонавий мода тенденциялари билан уйғунлаштирган ҳолда ўз ижодий ишларини намойиш этдилар. Кучли рақобат муҳитида ўтган танлов якунларига кўра, 1-ўрин Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали талабаси Юлдуз Жомуродовага, 2-ўрин эса Гулистон давлат университети талабаси Мухлиса Эгабоевага насиб этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири