Миллий анимацион фильмлар премьераси бўлиб ўтди
Янги анимацион фильмлар тақдимоти Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, Ўзбекистон анимацион студиялари ассоциацияси ҳамда “АСТИР” анимацион студияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Премьера доирасида болалар ва кенг жамоатчилик эътиборига “Зумрад ва Қиммат”, “Саховат” ҳамда “Бурч изидан” номли анимацион фильмлар тақдим этилди.
Мазкур анимацион асарларда халқ эртаклари, миллий адабиётимизнинг бой мероси ҳамда меҳр-оқибат, саховат, жасорат ва ватанпарварлик каби умуминсоний қадриятлар замонавий бадиий талқинда ёритилган.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча маданият ва санъат намояндалари билан ўтказган учрашуви ижодкорларни янада руҳлантириши, уларни янги марралар сари даъват этиши ва шу билан бирга ҳар бир маданият ва санъат вакили зиммасига улкан масъулият юклаши алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори маслаҳатчиси Сайфулла Ражабов барча болажонларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан самимий табриклаб, ёш авлод маънавий камолотига миллий кино ва анимация санъатининг таъсири ва аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.

Байрам тадбири кўтаринки руҳда, қувонч ва самимият муҳитида ўтди. Болажонлар ва ота-оналар янги анимацион фильмларни катта қизиқиш билан томоша қилиб, ижодкорлар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, тадбир меҳмонлари Ўзбекистон кино санъати музейи фаолияти билан яқиндан танишиб, миллий кинематографиямиз тарихи, унинг ривожланиш босқичлари ҳамда кино меросимизни акс эттирувчи ноёб экспонатларни кўздан кечирди. Музей бўйлаб ташкил этилган экскурсиялар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Мазкур тадбир болалар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлиш билан бирга, миллий анимация санъати ва кино меросимизни тарғиб этишга хизмат қилган муҳим маданий-маърифий лойиҳа сифатида эътироф этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА