“Меъмор - 2025” IV Архитектура мукофоти ғолиблари аниқланди
Тошкентда “Меъмор - 2025” IV Архитектура мукофотининг тўртинчи мавсумига якун ясалиб, ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бу йилги танлов халқаро мақомга эга бўлиб, Ўзбекистон, Украина ва Грузия архитекторлари ва дизайнерларини бирлаштирди ҳамда шорт-листга киритилган ишларнинг оммавий кўргазмасини тақдим этди.
Тадбир Knauf компанияси томонидан ташкил этилди. 2025 йилги мавсум эса Ўзбекистон Ёш архитекторлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилди. Тақдирлаш маросими “Саноат қурилиш банк” ва "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси кўмагида бўлиб ўтди.
Маросим куни 101 та лойиҳа намойиш этилди. Улар орасида 73 та профессионал архитектор ва интерьер дизайнерлари ишлари, 23 та олийгоҳ талабаларининг лойиҳалари, шунингдек 5 та “Журналистика” тоифасидаги ишлар мавжуд.
Мукофот дастури хусусий ва жамоат архитектураси, интерьер дизайни, урбанистик ечимлар ҳамда шаҳар муҳити билан боғлиқ турли йўналишларни ўз ичига олди. Мукофот жамғармаси жами 250 миллион сўмни ташкил этди. Knauf компаниясининг Ўзбекистондаги корхоналар раҳбари Дмитрий Дерипалко шундай дейди:
– Бу йил “Меъмор” ҳақиқатан ҳам халқаро лойиҳага айланди. Бу биз учун нафақат янги мақом, балки минтақа профессионал ҳамжамияти олдидаги масъулиятнинг янги босқичи. Биз аллақачон кейинги мавсум лойиҳасини географияни кенгайтирган ҳолда тайёрламоқдамиз: Ўзбекистон, Украина ва Грузияга Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қўшилади.
Мамлакатимиз меъморлари глобал кун тартибига дадил кириб бораётганини кўряпмиз: улар барқарорлик ҳақида ўйлайди, контекст ва материал билан эътиборли ишлайди, халқаро саҳнада ишонч билан рақобат қилади. Knauf учун меъмор ва дизайнерларга халқаро экспертиза тажрибасига кириш имконини бериш ҳам муҳим. Ана шундай билим алмашинуви соҳага ривожланиш суръатини беради ва шаҳар муҳитининг, демакки, инсонлар ҳаётининг сифатини оширади.
[gallery-25612]
Танлов ишларини халқаро экспертлар ҳайъати баҳолади. Баҳолаш мезонларига ижодкорлик, инновационлик, бадиий ва функционал сифат, маҳаллий контекстга ҳурмат ва барқарорлик тамойилларига риоя қилиш киради.
Мукофот доирасида асосий совринлардан ташқари фахрий дипломлар, ҳайъат махсус мукофоти, “КНАУФ. Интерьер+” танловининг махсус мукофоти ва “ЭЪТИРОФ” — архитектурага қўшилган ҳисса учун махсус мукофотлар ҳам берилди.
“Меъмор - 2025” IV Архитектура мукофотининг халқаро даражага кўтарилиши минтақада архитектура соҳасида янги ҳамкорлик имкониятларини очиб, шаҳар муҳитининг сифатини оширишда муҳим қадам бўлди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА