Мавзу: сув ресурсларидан самарали фойдаланиш
Бухорода “Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда сув бошқарувида хотин-қизлар иштирокини кучайтириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбирда соҳа мутахассислари, масъул идоралар вакиллари ҳамда фаол аёллар иштирок этиб, долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари, соҳадаги олима аёллар, вилоят ҳокимлиги, “Аму-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси масъуллари, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги “Сув масалалари бўйича аёллар маслаҳат гуруҳ”лари аъзолари, Бухоро вилоятидаги фермер ва томорқачилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда дунё миқёсида сув танқислиги тобора кескинлашиб бормоқда. Қурғоқчилик, сув ресурсларининг камайиши, тупроқ деградацияси ва чўлланиш каби муаммолар глобал хавфга айланиб, халқаро ҳамжамият эътибор марказида турибди. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2050 йилга келиб, ер юзида 5 миллиарддан ортиқ аҳоли турли даражада сув танқислиги муаммосига дуч келиши мумкин. Шунингдек, 2040 йилда энг кўп сув танқислиги кузатилиши кутилган 33 давлат қаторида Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам қайд этилган.
Иқлим ўзгаришлари оқибатида келгуси йилларда тоғлардаги музликларнинг сезиларли қисми эриб кетиши, сувга бўлган эҳтиёж эса кескин ошиши прогноз қилинмоқда. Масалан, Тянь-Шань ва Помир тоғ тизмаларидаги музликлар 2050 йилга келиб 30-50 фоизгача қисқариши, Марказий Осиёда эса сувга талаб 50 фоизгача ортиши мумкин. Шу боис, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга.
Маълумки, мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларининг 80 фоизи трансчегаравий дарёлар орқали келади, фақат 20 фоизи мамлакат ҳудудида шаклланади. Бу эса сув ресурсларини бошқаришда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, Зарафшон дарёси ҳавзаси алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у Амударё ҳавзаси таркибига киради. Унинг умумий узунлиги тахминан 877 километрни ташкил этиб, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларининг иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигида муҳим роль ўйнайди. Ушбу ҳудудларда суғориладиган ер майдонлари 652 минг гектардан ортиқни ташкил этади.
Давра суҳбатида Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини оқилона бошқариш, қайта тикланадиган манбалардан самарали фойдаланиш ҳамда трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, бу ҳудуддаги экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳозир “Зарафшон дарёси ҳавзасида иқлимга чидамли интеграллашган сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа Швейцария ҳукумати томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) орқали молиялаштирилиб, Caritas Switzerland ҳамда Марказий Осиё учун Минтақавий экологик маркази (CAREC) консорциуми томонидан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади – иқлим ўзгариши шароитида Зарафшон ҳавзасида сув ресурсларини барқарор ва самарали бошқариш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилашдир.
Давра суҳбатида мамлакат тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланди. Айниқса, сув ресурсларини бошқариш жараёнларида аёлларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳим экани қайд этилди. Шу мақсадда лойиҳа доирасида Зарафшон дарёси ҳавзасига кирувчи ҳудудларда истиқомат қилувчи 140 нафардан ортиқ хотин-қизлар учун семинар-тренинглар ташкил этилди. Улар орасидан энг фаоллар иштирокида “Сув масалалари бўйича аёллар маслаҳат кенгаши” ташкил қилинди.
Мазкур кенгаш сув ресурсларини бошқариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш, аёлларнинг фикр ва таклифларини илгари суриш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида уларнинг иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ушбу платформа Зарафшон ҳавза Кенгаши йиғилишларида аёллар овозининг эшитилиши учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-28541]
Тадбир якунида иштирокчилар сув ресурсларини самарали бошқаришда хотин-қизлар салоҳиятини янада ошириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Шу билан бирга, сув ресурсларини тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва келажак авлод учун асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг бурчи экани алоҳида таъкидланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари