Жиноятчиликка қарши курашиш, маҳсулотлар хавфсизлиги ва бозор назоратига оид ҳуқуқий асослар кучайтирилмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, дастлаб уюшган жиноятчилик ва жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Лойиҳа билан Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Бундай шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўлламаслик назарда тутилмоқда.

Бунга сабаб жиноят содир этиш мақсадида жиноий уюшмаларни ташкил этиш ва молиялаштириш ҳолатлари кўпаймоқда. Амалдаги қонунчиликда эса бундай уюшмаларни молиялаштирганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмаган.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликда жиноий уюшма ташкил этиш ёки унга раҳбарлик қилиш учун жавобгарлик мавжуд бўлса-да, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда жиноий уюшмаларга ҳомийлик қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди. Қонун лойиҳаси билан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда жиноий уюшмаларга ҳомийлик қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, амалда уюшган гуруҳлар томонидан содир этилган безорилик учун кўп ҳолларда енгил жазо тайинланмоқда. Шу сабабли қонун лойиҳасида безорилик жинояти учун жазо чоралари ҳам кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, жанговар спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши, унда бевосита иштирок этганлар эса маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда. Бу жанговар спорт турлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қизғин мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
***
Мажлисда “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун умумий хавфсизлик қоидалари белгиланмоқда. Энди бозорда янги товарлар, ишлатилган ёки таъмирланган маҳсулотлар, интернет орқали сотилаётган товарларни ҳам етказиб берувчилари уларнинг хавфсизлигини кафолатлаган ҳолда сотувга чиқариши лозим бўлади.

Шунингдек, лойиҳада Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар бўйича битими талаблари инобатга олинган. Хусусан, техник регламентлар халқаро савдода ортиқча тўсиқлар яратмаслиги, маҳсулотлар учун тенг шарт-шароитлар таъминланиши ҳамда истеъмолчиларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш тамойиллари мустаҳкамланган.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, маҳсулотни етказиб беришда иштирок этувчи барча тадбиркорлик субъектлари, яъни ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, сотувчи, электрон тижорат операторлари ўз фаолияти доирасида маҳсулот хавфсизлиги учун жавобгар бўлиши белгилаб қўйилмоқда. Агар қоидалар бузилса, маҳсулот сотувдан чиқарилади, жарима қўлланилади.

Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасидаги нормалар бозорда адолатли рақобатни таъминлаш, сифатсиз маҳсулотларнинг камайиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва аҳоли саломатлигини сақлашга хизмат қилишини таъкидлади. Қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
***
Шунингдек, мажлисда “Бозор назорати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА