Марказий Осиё “яшил бурилиш” остонасида: экологик дипломатияда янги давр бошланди
Марказий Осиёда экологик дипломатия энди алоҳида ташаббуслар йиғиндиси эмас, балки тизимли, изчил ва стратегик йўналишга айланмоқда. Остона шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий экологик саммит мазкур жараённи янги босқичга олиб чиқди. Анжуман доирасида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки минтақада барқарор тараққиётни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида намоён бўлди.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев мавзуни таҳлил қиларкан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остонадаги нутқида “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” тамойилини илгари суриб, минтақада экологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб берди. Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳит муҳофазасини ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айлантира олганига урғу берди.
Айниқса “Марказий Осиё учун яшил кун тартиби”, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ва барқарор ривожланишга қаратилган дастурлар минтақавий шерикликнинг амалий ифодасига айланмоқда. Бу қадамлар экологик дипломатия декларативликдан амалий босқичга ўтаётганини кўрсатади.

Экологик муаммолар ўзаро чамбарчас боғлиқлиги ҳамкорликни муқаррар эҳтиёжга айлантиради. Глобал иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиё алоҳида хавфли ҳудуд сифатида намоён бўлмоқда: ҳарорат ўсиши дунё ўртача кўрсаткичидан икки баробар тез кечмоқда, музликлар қисқармоқда, сув ресурслари танқислиги кучаймоқда.
Минтақадаги ер майдонларининг қарийб 80 миллион гектари деградацияга учрагани ҳолат жиддийлигини янада очиқ кўрсатади. Ёғингарчилик режимидаги беқарорлик, чўлланиш жараёни тезлашиши ва чанг бўрони мунтазамлик касб этиши экологик хавф трансчегаравий хусусиятга эга эканини тасдиқламоқда.
Шу нуқтаи назардан экология муаммосини глобал иқлим ўзгаришидан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Аксинча, жараённи бир бутун тизим сифатида баҳолаш ва ҳал қилиш талаб этилади. Бу ҳол экологик дипломатия мазмунан чуқурлашиб, янги қамров касб этаётганидан далолат. Бинобарин, айни йўналишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар ҳали етарли эмас. Қабул қилинаётган ҳужжатлар кўпинча ресурс билан мустаҳкамланмаётгани, табиатга энг кам салбий таъсир кўрсатаётган давлатлар иқлим ўзгариши оқибатини енгишда якка қолиб кетаётгани жиддий муаммо сифатида кўтарилди. Ривожланаётган мамлакатлар молиявий ресурс, илғор технология ва инновацияга адолатли, тўсиқсиз етиши таъминланмас экан, глобал экологик барқарорликка эришиш мушкул бўлиб қолаверади. Шунга қарамасдан, Ўзбекистоннинг ички экологик сиёсати изчил ва самарали ривожланмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб қарийб бир миллиард туп дарахт ва бута экилиб, Орол денгизи қуриган тубида икки миллион гектардан ортиқ ўрмонзор барпо этилгани бунга яққол мисол.
Бу ташаббуслар нафақат экологик ҳолатни яхшилаш, балки янги “яшил иқтисодиёт” моделини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу тариқа экологик дипломатия ички ислоҳот билан уйғунлашиб, комплекс тараққиётнинг муҳим устунига айланмоқда.
Экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги амалий қадамлар Ўзбекистон мисолида янада яққол кўзга ташланмоқда. Мамлакатда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар натижасида йилига ўртача 10 миллиард куб метр сув тежалмоқда. Бу сув танқислиги кучайиб бораётган минтақада стратегик аҳамиятга эга кўрсаткич ҳисобланади.
Энергетика соҳасида ҳам “яшил трансформация” изчил амалга оширилмоқда. Бугунги кунда электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улуши 30 фоизга етган. Жорий ўн йиллик якунига бориб ушбу кўрсаткични 50 фоиздан ошириш режалаштирилган. Натижада нафақат иқтисодий самарадорлик ошади, балки атмосферага чиқаётган зарарли моддалар кескин қисқаради.
Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ҳам фаол экологик ташаббуслар билан чиқмоқда. Жумладан, “Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюцияси қабул қилиниши мамлакатимизнинг глобал экологик сиёсатдаги ролини янада мустаҳкамлади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақавий ташаббуслар экологик дипломатияни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли. Хусусан, “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини ташкил этиш таклифи атмосфера ифлосланишига қарши биргаликда курашишнинг институционал асосини яратиши мумкин. Шунингдек, юртимиздаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган чўлланишга қарши курашиш ва қум-чан бўронидан барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш ташаббуси илмий-амалий салоҳиятни бирлаштиришга хизмат қилади.
“Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш ғояси экологик стандартга жавоб берадиган маҳсулот айланмаси кўламини кенгайтириш орқали иқтисодий ҳамкорликка янги мазмун бағишлайди. Иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш ташаббуси халқаро молиявий ресур жалб қилишни тизимлаштириш имконини беради. Экологик маълумот алмашинувини кучайтириш мақсадида Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришнинг ягона минтақавий атласини яратиш, шунингдек “Марказий Осиё Қизил китоби”ни ишлаб чиқиш таклифлари ҳам илгари сурилди. Айни ташаббуслар биоихтиёрликни сақлаш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ёшлар масаласи ҳам экологик дипломатиянинг ажралмас қисми сифатида кўриляпти. Шу мақсадда 2027 йил Ўзбекистонда янги авлодни экологик жараёнга фаол жалб этиш, ёшларда глобал фикрлаш маданиятини шакллантиришга хизмат қиладиган Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш таклифи билдирилди. Муҳими, давлатимиз раҳбари илгари сурган барча ташаббуслар бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, бу лойиҳалар амалга оширилиши минтақада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Зеро, экологик дипломатия бугун нафақат табиатни муҳофаза қилиш воситаси, балки иқтисодий ўсиш, технологик янгиланиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим механизмига айланмоқда.

Замонавий экологик таҳдидлар Марказий Осиё давлатлари олдига жиддий синов қўймоқда. Бинобарин, бу хавф-хатар тўғри ёндашув ва самарали ҳамкорлик орқали янги имкониятга айланиши мумкин. Қабул қилинаётган қарорлар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши мавжуд муаммоларни нафақат юмшатади, балки инновацион ривожланиш воситасига айлантиради. Яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, қатъий сиёсий иродага таянган Марказий Осиё давлатлари экологик фаровонлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиш йўлида муҳим қадам ташламоқда. Бу йўлдаги асосий вазифа илгари сурилган ташаббусларни амалиётга изчил татбиқ этишдир.
Мусулмон Зиё, ЎзА