Марказий Осиё давлатларининг ишончли ҳамкорлик муҳитида Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эга
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Йиғилишда дастлаб юртимиз ҳаётида содир бўлган муҳим воқеликларга тўхталиб ўтилди.
Хусусан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакатимизга амалий ташрифи ва унинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров бугунги тезкор ўзгаришлар даврида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ишончли, барқарор ҳамкорлик муҳити қарор топганини алоҳида эътироф этди. Бу жараёнда Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Қозоғистон Президентининг юртимизга ташрифи ўзбек ва қозоқ халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Бу борада "Миллий тикланиш" партияси доимо қардош халқлар, жумладан, Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини ва ушбу йўналишдаги барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунига пенсияга оид хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Қонун лойиҳасига кўра, фуқароларга ногиронлик белгиланганда улардан мурожаатни талаб этмаган ҳолда (проактив шаклда) пенсия тайинлаш назарда тутилмоқда. Яъни, фуқарога ногиронлик гуруҳи белгиланганда бу ҳақда тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот тизимларидан маълумотларни автоматик равишда олган ҳолда ногиронлик пенсияси тайинланади. Бу билан бир йилда 52 минг фуқаронинг давлат хизматларига ёки пенсия жамғармасига боришининг олди олинади.
Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида бир йил иш стажига эга бўлган пенсионернинг пенсиясини ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаш ҳам фуқаронинг мурожаатини талаб этмасдан (проактив шаклда) амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Бу енгиллик жисмоний имконияти чекланган пенсионерларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш қулайлигини яратади.
Мазкур қонун лойиҳаси пенсия тайинлаш тизимига замонавий рақамли технологияларни фаол татбиқ этган ҳолда аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, соҳада инсон омилини камайтириш, ногиронлиги бор фуқароларга қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишда ҳам қўллаб-қувватлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА