Марказий банк янги тартибни жорий қилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг тегишли қарори билан “Марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимиз молия, валюта ва фонд бозорларида битимлар хавфсизлигини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.
Янги низом асосида марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолиятини юритиш, ушбу операцияларни амалга оширувчи клиринг ташкилотлари томонидан таваккалчиликларни бошқариш ҳамда ички назорат тизимига қўйиладиган минимал талаблар белгиланмоқда. Шунингдек, битимлар ижросини таъминловчи захира ва кафолат фондларини шакллантириш каби муҳим тартиблар жорий этилмоқда. Бундан буён клиринг ташкилотларида юзага келиши мумкин бўлган молиявий хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни минималлаштириш бўйича қатъий назорат олиб борилади.
Ушбу тартибларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, ўз навбатида, мамлакат молия бозори инфратузилмасининг янада яхшиланишига, ҳисоб-китоб ва клиринг жараёнлари самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Энг муҳими, тизимга марказий контрагент функциясининг киритилиши ҳисоб-китоб ва контрагент рискларининг сезиларли даражада камайишига олиб келади. Захира ва кафолат фондлари ҳамда маржа талабларига асосланган самарали рискларни бошқариш тизимининг яратилиши эса бозорда дефолт, яъни мажбуриятларни бажара олмаслик ҳолатларининг олдини олишга ва тизимли хатарларни чеклашга имкон беради.
Қайд этиш жоизки, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради. Ушбу давр мобайнида бозор иштирокчилари, жумладан, биржалар ва клиринг палаталари ўз фаолиятларини янги талабларга мувофиқлаштиришлари лозим бўлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА