Андижон сув омборида хавфсизлик ва техник назорат қай даражада?
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон сув омборида бўлиб, объектдаги мавжуд шароит, техник ҳолат ҳамда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ташриф давомида гидротехник иншоотларнинг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлаш, шунингдек, сув омборининг техник ҳолатини баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар жараёнида сув омборининг техник ҳолати, тўғон конструкцияларининг мустаҳкамлиги, дренаж ва фильтрация тизимларининг ишлаш самарадорлиги ҳамда сувни қабул қилиш ва чиқариш иншоотларининг эксплуатация ҳолати таҳлил қилинди. Шу билан бирга, назорат-ўлчов қурилмалари орқали олинаётган маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги кўриб чиқилди.
Ишчи гуруҳ томонидан сув омборининг хавфсиз ишлашини таъминлашга таъсир этувчи асосий омиллар муҳокама қилинди. Хусусан, гидрологик юкламалар, сув оқимларидаги ўзгаришлар, гидравлик босимлар ҳамда эҳтимолий фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш бўйича амалга оширилаётган профилактик ва техник чора-тадбирлар таҳлил этилди.

Шунингдек, объектда ўрнатилган автоматлаштирилган мониторинг тизимлари, замонавий назорат-ўлчов қурилмалари ва видеокузатув воситаларининг самарадорлиги баҳоланди. Тўғон ва бошқа муҳим иншоотларда олиб борилаётган доимий кузатувлар натижалари ўрганилиб, техник кўрсаткичларнинг белгиланган меъёрий талабларга мувофиқлиги баҳоланди.
Қайд этилганидек, Андижон сув омбори суғориш тизимлари, ичимлик суви таъминоти ҳамда энергетика тармоғи учун муҳим стратегик аҳамиятга эга объект ҳисобланади. Шу боис, унинг хавфсиз ва ишончли эксплуатациясини таъминлаш, техник назорат ва мониторинг тизимларини такомиллаштириб бориш доимий эътибордаги вазифалардан бири саналади.

Жамият ахборот хизматига кўра, ташриф якунида сув омбори ва гидротехник иншоотларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш, техник назорат самарадорлигини янада ошириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини бажариш юзасидан масъул раҳбарлар ва мутахассисларга тегишли топшириқлар берилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА