Маърифат маскани (+видео)
Уй-музейи ташкил этиш анъанасининг тарихи бир неча ўн йилликларга бориб тақалади. Ҳозирги кунда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида ўнлаб атоқли адиб ва зиёлиларимиз яшаган хонадонлар уй-музейига айланган. Аммо кейинги йилларда бу анъана бироз тўхтаб қолгандек эди, гўё. Зеро, халқимиз уй-музейи сифатида ташкил этилишини интиқ кутаётган кўплаб зиёлиларимиз яшаган ҳовлилар оз эмас. Бу табаррук манзилларда фидойи алломаларимизнинг шахсий буюмлари, қўлёзмалари, бир сўз билан айтганда, нафаси сақланиб қолган, десак, муболаға бўлмайди.
Абдулла Орипов – ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, атоқли шоири, озод Ўзбекистон мадҳияси матнининг муаллифи. Собиқ иттифоқнинг бир ёқлама мафкураси қиличи зиёлиларимизнинг қутлуғ қони билан бўялган ва бу қон ҳали қуриб улгурмаган, ижодкорларимиз боши узра қатағон сиёсати кўланкаси солиб турган таҳликали даврда "Ўзбекистон – Ватаним маним!" дея ўз юртини баралла тараннум этиш учун ҳамма ҳам ўзида журъат топмаган. Мана шундай жасур қалам аҳли эсланганида, шубҳасиз, Абдулла Орипов номи биринчилар қаторида зикр қилинади. Қолаверса, миллионлаб қалбларни ўзининг лирик назмий асарлари орқали эзгулик ва меҳр-оқибат, покиза ишқ ва ватанпарварлик туйғуси билан тўлдирган ҳам Абдулла Орипов эди.
Дўрмон ижод уйига туташ ҳовлида Абдулла Орипов 1996-2016 йилларда яшаб, ижод қилган. Жорий йил қаҳрамон шоиримиз таваллудига 85 йил тўлди...
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Дўрмон" қўрғонида Абдулла Орипов уй-музейининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Қайд этиш керак, кейинги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг номини адабийлаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Тошкентдаги Адиблар хиёбонида ҳайкали ўрнатилди, Қашқадарё вилоятида Абдулла Орипов ижод мактаби фаолият юритмоқда, асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда. Халқимизнинг маънавий юксалиши йўлидаги бу хайрли ишлар тизимли тартибда давом эттирилмоқда.
Тошкент вилоятида очилган ушбу маскан Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий меросини кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурурни мустаҳкамлаш, авлодларни юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0UjvWHoJdvA" title="Ma’rifat maskani " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мууҳайё Турдалиева, Дониёр Якубов, Искандар Исматов, ЎзА