Феруз: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Улуғ шоир, мусиқашунос Муҳаммад Раҳимхон Феруз XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошларидаги ўзбек адабиётида ўзига муносиб ўринга эга бўлган адиблардан бири эди. Хоразмда бадиий ижод, тазкирачилик, тарихнавислик, таржимонлик, хаттотлик, мусиқа мактабларини, таъбир жоиз бўлса, Феруз академиясини бунёд этган хондир.
Кўҳна ва навқирон Хоразм кўп мингйиллик тарихида тахтда узоқ йил ўтирган (47 йил) ва маданият, санъат, илм-фанни бу даражада тараққий эттирган маърифатпарвар хонни кўрмаган.
“Танланган асарлар”дан Ферузнинг ошиқона, кўнгилга, дилга хитоб айлагувчи ғазаллари, маснавийлари, муножот, мухаммасотлари, мухаммасоти Феруз, мусаддасоти Ферузлари жой олган.
Феруз – соҳиби девон шоир эди. Унинг шеърияти инсон қалби, қалб кечинмалари, туғёнлари, ҳис-ҳаяжонларини ўзида акс эттиргувчи хазинадир. Феруз ижодининг бош мавзуси худди мумтоз Шарқ шеърияти каби ишқдир.
Нигоро, олди ҳушим, тарзи рафторингға салламно!
Ёрутти тийра кулбам, меҳри рухсорингға салламно!
Ишим қотил кўзунг бедодидин бўлмий басе мушкул,
Ичиб қонимни тўймас, чашми хумморингға салламно!
Лабинг сўздин берур жон олган элга дарди ишқингдан,
Равонпарвар лаби жонбахш-у гуфторингға салламно!
Ҳама ишқ аҳлидир, эй муғбача, зулфинг гирифтори,
Бори дин аҳлини банд этди – зунноринғга салламно!
Дединг: “Лутф айладим!”. Ўлтурдинг, аммо неча ноз айлаб,
Агар лутфинг бу эрса, жавру озорингға салламно!
Қилурсан ноз, агар ман ҳар неча арзи ниёз этсам,
Ситамга маҳвашо, бу навъ атворингға салламно!
Сенга феруз ўлуб бахт, этдинг ул ой қадди зулфинг васф,
Бу янглиғ табъи нозик бирла ашъорингға салламно!
Китобга “Хоразм илм-фани ифтихори” номли салмоқли сўзбоши ёзган атоқли адабиётшунос Ваҳоб Раҳмонов: “Ўзбекистон халқлари тарихида буюк маърифатпаравар шоҳ ва шоир бўлган Муҳаммад Раҳимхон Феруз ижоди ҳар қанча ўрганиш, тадқиқ қилгуликдир. ... Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг Хоразм маданияти ва санъати тараққиётига қилган хизматларини оламга машҳур Маъмун академиясининг давоми – Феруз академияси, дея талқин этсак бўлади” дея ёзади.
Муҳаммад Раҳим ёшлигидан адабиётга ҳавас қўяди. Алишер Навоий, Мунис, Огаҳий, Комил сингари шоирларнинг асарларини қунт билан ўрганиб, уларга эргашиб шеърлар ёзди, ёзган шеърларига “Феруз” (ғолиб, бахтли, саодатли) деб тахаллус қўяди. Феруз шоиру созандаларни тўплаб бот-бот ғазалхонлик, шеърхонлик кечалари ташкил қилиб турган. Бу ҳақда Баёний бундай ёзган: “Хон ҳазратлари ҳафтада икки кун: жума ва душанба оқшомларида уламо била суҳбат тузиб, китобхонлик этдурур эрдилар”. Ферузнинг ўзи ҳам шеър ёзган, ашула айтган ва мусиқа басталаган. Буни унинг ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик, Ҳ.Сулаймонов номидаги Кўлёзмалар институтлари, Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари ҳамда Британия, Франция, Туркия каби мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланаётган “Ғазалиёти Феруз”, “Баёзи Феруз”, “Девони Феруз” асарлари тасдиқлайди.
Феруз хон сифатида ижод аҳлига ғамхўрлик қилади, уларга маош тайинлади. Уларнинг китобларини босиб чиқариш учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширади. Уларнинг асарларидан иборат ҳар хил тазкиралар, баёзлар туздиради. “Ҳафт шуаро”, “Баёзи ғазалиёт”, “Баёзи мухаммасат”, “Баёзи мусаддасат” каби тўпламлар шулар жумласидандир.
Беназир шоир, элпарвар хон Ферузнинг “Танланган асарлар”ини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев,
ЎзА