Маърифат байроқдори
Учинчи ренессанс ғояси замирида улкан тарих ётади. Қўқон хонлиги даврида илм-маърифатга таянган, шоҳ ва шоир Амир Умархон мероси бугунги авлод учун нега муҳим?
Бежизга улкан марраларни кўзлаб йўлга чиққан миллат эмасмиз. Давлатимиз раҳбари илгари сураётган учинчи "Ренессанс" ғояси ҳам ўз-ўзидан эмас. Гап шундаки, бизда шонли тарих ва ундан мерос қолган бой маърифий хазина бор. Бундай хазина нафақат олис тарихда, балки яқин тарихимизда ҳам талайгина. Миллатимиз маънавияти шу қадар юксакки, шўро ҳукуматининг қарийб бир аср мобайнида уни йўқ қилишга уринган тазйиқидан кейин ҳам ўз залворини деярли йўқотмади.
Албатта, бунда маърифат учун жон фидо этган аждодларимизнинг хизматлари ҳам беқиёс. Аммо бу маънавиятимиз қўрғони нечоғлиқ мустаҳкам эканлигидан ҳам далолатдир. Юқорида таъкидлаганимиздек, собиқ шўро даврида кўплаб аждодларимиз ҳаёти нотўғри талқин этилган. Ана шундай аждодларимиздан бири — йирик давлат арбоби, шоҳ ва шоир Амир Умархон эди. У қисқа вақт бошқарувда бўлган бўлса-да, улкан ислоҳотларни амалга оширди. Қатор мамлакатлар, хусусан, Россия, Усмонлилар империяси билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга интилган. Бу даврда санъат, маданият ва адабиёт том маънода гуллаб яшнаган. Шу сабабли ҳам адабий меросимизда Қўқон адабий муҳити улкан аҳамият касб этади. Умархоннинг ўзи ҳам беназир истеъдод эгаси эди. Айнан унинг топшириғи билан 1821 йилда Фазлий Намангоний 63 шоирнинг шеърларини ўз ичига олган “Мажмуаи шоирон“ тўпламини тузган. Бунинг ўзиёқ улкан адабий мерос эди. Умархон Амирий тахаллуси билан ижод қилиб, Лутфий, Жомий, Навоий, Фузулий, Бедилни ўзига устоз санаб, улардан ижод сирларини ўрганган, уларга эргашиб ижод қилган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Арузнинг туркий адабиётда машҳур, халқ ижодида ҳам кенг тарқалган енгил ва ўйноқи вазнларидагина ёзилган бу шеърларнинг барчаси ишқ-у муҳаббат мавзусидадир. Уларда анъанавий мотивлар ва тасаввуфий руҳ устувор. У, шунингдек, ўзбек ва форс-тожик тилларидаги шеърларини тўплаб, девон ҳам тартиб берган. Девон ғазал, мухаммас, мусаддас, туюқ жанрларидаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олган. Сарой ҳаётида Умархоннинг рафиқаси Мохларойим (Нодира) (1792–1842) муҳим ўрин эгаллаган. Мохларойим илм-фан, адабиёт ва санъат ҳомийси сифатида хонликнинг маданий ҳаётида фаол иштирок этган. Мохларойим Навоий анъаналарини давом эттирган, шеъриятнинг 12 та жанрида қалам тебратган. Умархон ғазалларида дунёвий ишқ тавсифи билан бир қаторда сўфиёна талқиндаги ғоялар ҳам мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, Умархон даврида илмий-маданий муҳит юқори босқичга кўтарилган. Шу сабабли ҳам у ўз даврида халқ орасида «Жаннатмакон» деган буюк унвонга сазовор бўлган. Истиқлол йилларида унга бўлган эҳтиром қайта тикланиб, ижодий мероси кенг талқин этилди ва бир қанча илмий ишлар ҳимоя қилинди. Давлатчилик ва жамоатчилик соҳасидаги ислоҳотлари юқори баҳоланиб, келажак авлодга муносиб етказиш учун қатор амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, «Қўқон шамоли» деган кинофильми яратилди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларда ҳам айнан илм, китоб, маданият, санъат ва адабиёт устувор. Шундай экан, буюк тарихдан олинган сабоқ буюк келажакка элтгуси.
Шербек Исломов, ЎзА