Истеъмолчидан ортиқча олинган пул қайтарилди
Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, унинг шаҳар ва туман жамиятлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш, улардан келиб тушган мурожаатларни вақтида ҳал этиш юзасидан ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Нукус шаҳрида яшовчи У.Раҳимова “1091 – Ишонч телефони” орқали мурожаат қилиб, “М” савдо марказидаги дўконларнинг биридан косметика маҳсулотини харид қилиш вақтида ортиқча тўлов олинганини билдирган.
Мурожаатда кўрсатилишича, истеъмолчи дўкондан 322 минг сўмлик косметика маҳсулотини сотиб олган. Бироқ пластик карта орқали тўлов икки марта олиниб, жами 644 минг сўм йўқотилган. Натижада истеъмолчидан 322 минг сўм ортиқча тўлов олинган.
Бу ҳолат Нукус шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилиб, дўкон сотувчисига савдо қилган фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқи тушунтирилди. Натижада юқоридаги ҳолат тасдиқланиб, истеъмолчидан ортиқча олинган 322 минг сўм пул пластик картасига қайтариб берилди.
Яна бир ҳолатда Қораўзак туманида яшовчи У.Б.нинг “Февралда буюртма бериб, сентябргача кутганимиз оз дегандек, олиб келган эшиклари сифатсиз чиқди…” – деган мурожаати ҳам ижобий ечимини топди.

Мурожаат эгаси томонидан туман марказидаги эшик-дераза ясайдиган тадбиркорга 7 дона эшик учун нақд 7 миллион сўм берилади. Лекин буюртма вақтида битмай, уста август ойининг охирида 7 та сифатсиз эшикни олиб келиб беради. Фуқаро сифатсиз эшикларни қайтариб, пулни талаб қилса ҳам, уста пулни беришни кескин тарзда рад этади.
Фуқаронинг мурожаати асосида Қораўзак тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари аралашиб, тадбиркорнинг нотўғри ҳаракатига чек қўйилди. Натижада фуқаронинг 7 миллион сўм пули ўзига қайтариб берилди.
Хоразм вилояти Янгиариқ туманида яшовчи Шавкат Саъдуллаевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “I” савдо дўконидан муддатли тўлов асосида музлаткич ва сув кулерини олган. Шартнома бўйича ойлик тўлов 1 миллион 366 минг 800 сўм этиб белгиланган. Бироқ дўкон ходимлари ойлик тўловдан 1 миллион 387 минг 302 сўм ечиб олиб, ҳар бир тўловда фуқародан 20 минг 502 сўм ортиқча олиб юргани маълум бўлди.
Тўрткўл тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти бу масалага аралашди ва натижада дўкон ходимлари ноқонуний ечилган пулни эгасига қайтарди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири