Марҳаматлик гимнастрадачи қизлар ғолиб бўлди
Андижон вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги гимнастрада мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда спортни, хусусан, қизлар ўртасида гимнастрада спортини ривожлантириш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, ёшларни спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилган.
Жумладан, қизлар ўртасида гимнастрадани оммалаштириш, маҳоратли спортчиларни аниқлаш, рағбатлантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ўтказилган мусобақада туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этиб, ўзларининг маҳорат, жамоавий ҳамжиҳатлик ва пухта тайёргарликларини намойиш қилди.


Қизиқарли баҳслар асосида ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, Марҳамат тумани жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақада иккинчи ўринга Қўрғонтепа, учинчи ўринга эса Улуғнор тумани ёш гимнастрадачилари сазовор бўлди.


Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, тегишли медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари