Андижонлик журналистлар спорт мусобақаларида беллашишди
Андижонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳа фахрийлари иштирокида спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, матбуот хизматлари вакиллари ҳамда соҳа фахрийлари иштирокида спортнинг теннис, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.


– Соҳа ходимларининг касб байрамига бағишлаб ўтказилган анъанавий спорт мусобақаларида ижодий жамоалар вакиллари фаол иштирок этишди, - деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилояти бўлими раҳбари Саминжон Ҳусанов. – Ижодкорлар споротда ҳам фаол эканликларини намойиш этишди. Шу боис ҳам қизғин баҳслар остида ўтган мусобақаларда ғолибларни аниқлаш осон кечмади.
Мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, теннис мусобақасида фахрий журналист Ашурали Маматов, шахмат мусобақасида соҳа фахрийси Нажмиддин Эргашев, шашка мусобақасида эса ижтимоий тармоқ фаоли Улуғбек Абдужабборов биринчи ўринга сазовор бўлди.

– Қайси соҳа, қайси касбда бўлишдан қатъи назар, спорт билан ошно бўлган инсон ҳамиша соғ-саломат, руҳи тетик бўлади, - деди теннис мусобақаси совриндорларидан бири, фахрий журналист Аъзамжон Қодиров. –Айниқса, спорт ижодкорга куч-ғайрат, шижоат ва илҳом беради. Буни ёши олтмишдан ошган инсон сифатида фаолиятим, ҳаётим давомида кўп бор ҳис этганман.

Мусобақалар ғолиб ва совриндорлари Журналистлари уюшмаси вилоят бўлимининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари