“Мард ўғлон”: номзодлар сараланди
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Мард ўғлон” давлат мукофоти танловининг вилоят саралаш босқичининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, “Мард ўғлон” давлат мукофоти танлови ёш истеъдод соҳибларининг камол топиши, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, “Мард ўғлон” давлат мукофоти танлови ёшларни улкан марралар, мақсадлар сари руҳлантиради, қалбларида Ватанга садоқат, фидойилик ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлайди. Зеро, юрт келажаги ана шундай мард, жасур, билимли ва ташаббускор ёшлар қўлидадир.
“Мард ўғлон” давлат мукофоти номзодларини саралаш бўйича вилоят босқичида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан тавсия этилган 57 нафар иқтидорли, ташаббускор ва фаол ёшларнинг фаолияти, улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган низом талаблари ва мезонлар асосида кўриб чиқилди.
Танлов жараёнида илм-фан соҳасида улкан ютуқларга эришаётган иқтидорли, янги иш ўринлари яратиб, тенгдошлари бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган тадбиркор, халқаро майдонларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилаётган спортчи, шунингдек, маданият, адабиёт, санъат йўналишларида ташаббускорлиги билан ажралиб турган фаол ёшлар ўзларининг билим, иқтидор ва салоҳиятларини намоён этди.
[gallery-28934]
Саралаш комиссияси томонидан номзодларнинг шахсий ютуқлари, эришган натижалари, жамоат ишларидаги фаоллиги, фаол ва ташаббускорлиги ўрганиб чиқилди. Ҳар бир номзоднинг фаолияти белгиланган мезонлар асосида таҳлил қилинди.
Вилоят саралаш босқичининг якуний натижаларига кўра, барча йўналишлар бўйича энг юқори натижаларга эришган иқтидорли ёшлар танловнинг республика саралаш босқичига тавсия этилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.