Мақсадли индикаторлар ижроси таҳлил қилинди
Ҳар бир вазирлик ва идоралар зиммасига бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари белгилаб берилган.
Жумладан, Миллий статистика қўмитасининг 2025 йилда мамлакатда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида статистика ахборотини тайёрлаш учун аниқ йўналтирилган топшириқлар, статистика ишларини бажариш мақсадида белгиланган мақсадли индикаторларнинг ижроси таъминланган. Якуний натижа кўрсаткичи бўйича статистик ишларнинг йиллик бажарилиши режада индикатор ижроси 101,8 фоизга бажарилган.
Статистика соҳасида норматив ва методологик асосларни такомиллаштириш режада 203 та ўрнатилган. Амалда 194 тани ташкил этиб, индикатор ижроси 95,6 фоизни ташкил этган.
Солиқ қўмитаси эса 2025 йилда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш мақсадида белгиланган 5 та якуний, 4 та бевосита (тўғридан-тўғри) натижа кўрсаткичи бўйича жами 9 та мақсадли индикаторлар ижросини таъминлаган. Ажратилган маблағ 92 фоизга ўзлаштирилган.
Хусусан, фаол солиқ тўловчи – юридик шахсларнинг умумий солиқ тўловчилардаги улуши индикатори бўйича режа 75 фоиз этиб белгиланган бўлсада, амалда бу кўрсаткич 66 фоизга етказилган. Ижро 88,0 фоизни ташкил этган.
Булар ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан Миллий статистика ҳамда Солиқ қўмиталарининг “2025 йилда бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлар ижроси бўйича амалга оширилган ишлари тўғрисида”ги ҳисоботлари эшитувида айтиб ўтилди.
Йиғилишда мақсадли индикаторлар ижроси бўйича қилинаётган ишлар, ижроси тўлиқ ёки қисман бажарилган мақсадли индикаторларнинг ижросига таъсир кўрсатаётган омиллар кенг муҳокама қилинди. Депутатлар мақсадли индикаторларнинг ижросини тўлиқ бажариш зарурлигини таъкидлаб, вазирлик ва идораларнинг бу борадаги чораклик ҳисоботларини назорат қилиб бориш лозимлигини таъкидлади.
М.Комилова,
ЎзА