Мамлакатимиздаги муҳофаза этиладиган айрим табиий ҳудудлар ер майдони кенгайтирилди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаментига қарашли "Нурота" ва "Сурхон" давлат қўриқхоналари ҳамда "Зарафшон" миллий табиат боғи ҳудуди кенгайтирилди.
Белгиланган тартибга кўра, "Нурота" давлат қўриқхонаси ҳудуди Фориш туманидаги захира ерлардан 1173,1 гектар, Фориш давлат ўрмон хўжалигининг 270 гектар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Пангат ҳудудидаги 1657,41 гектар ва Пайариқ туманининг Халқобод ҳудудидаги 1165,46 гектар ер майдонлари ҳисобидан 4265,97 гектарга кенгайтирилиб, умумий ер майдони 22 017,97 гектарга етказилди.
Шунингдек, "Зарафшон" миллий табиат боғи ҳудуди Булунғур туманидаги захира ерлардан 275,58 гектар ва Жомбой давлат ўрмон хўжалигининг 42,34 гектар, Ургут ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 278,78 гектар, Тойлоқ туманидаги Дарғом давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонасининг 262,1 гектар, Тойлоқ туманидаги захира ерлардан 1808,79 гектар ва Жомбой туманидаги захира ерлардан 140,02 гектар ер майдонлари ҳисобидан 2 807,61 гектарга кенгайтирилиб, умумий ер майдони 5 234,01 гектарга етказилди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Қизириқ давлат ўрмон хўжалигининг 249 гектар ер майдонлари ҳисобидан "Сурхон" давлат қўриқхонаси ҳудуди кенгайтирилиб, умумий ер майдони эса 24 051 гектарга етказилди. "Нурота" ва Сурхон давлат қўриқхоналарининг асосий майдонига туташ 17 145,2 гектар ва 16 446 гектар ер майдонлари қўриқланма зоналар этиб белгиланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда экологик тизимни яхшилаш ва биохилма-хилликни сақлаш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ер майдони республика умумий майдонининг 14,2 фоиздан ортиқроғини ташкил этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА