Малайзия билан ҳамкорликда сайёҳлик объектларини қуриш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Малайзиянинг "AWC Berhad" компаниясининг ривожланиш бўйича директори Муҳаммад Иҳсон Анвар Бин билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, яратилган қулай инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот берди. Хорижий инвесторларга тақдим этилаётган шароит ва кафолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Сув таъминоти, коммунал хўжалик ва қурилиш соҳаларидаги жорий ҳамда истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.

Малайзия томони бир қатор йўналишларда, хусусан, пойтахт транспорт тизимини ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш лойиҳалари, логистика марказини барпо этишда иштирок этишга қизиқиш билдирди. Таклифлар орасида сайёҳлик объектларини қуриш, жумладан, ҳашаматли брендларни жалб этиш ва Тошкент темир йўл вокзалларини қайта қуриш бўйича ғоялар ҳам илгари сурилди.


Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли асосда ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканликларини билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА