Мактаблардан 11 минг нафарга яқин битирувчи чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича бепул миллий сертификатларни (CEFR) қўлга киритди
Бугун хорижий тил билиш оддий кўникма эмас, инсоннинг таълим, касб ва дунё билан мулоқот қилиш имкониятларини кенгайтирадиган муҳим воситага айланди.
Айниқса, рақамли технологиялар ва халқаро алоқалар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда хорижий тилни билган инсон учун ўқиш, ишлаш, хорижий тажрибани ўрганиш ва янги имкониятлардан фойдаланиш эшиклари кенгроқ очилади.
Мамлакатимизда "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови" анъанавий тарзда бу йил 5-марта ўтказилмоқда. Ўтган вақт давомида мазкур танловга 200 минг нафарга яқин ўқувчи иштирок этди. Танлов ғолиблари Буюк Британия, Франция ва Германия давлатларида таълим саёҳатларида бўлди. Қайд этилишича, сўнгги тўрт йилда сертификатга эга бўлган ўқувчилар сони ҳам деярли 8 баробарга ошиб, 90 424 нафарга етди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мактабларга 2023 йилдан ҳозирги кунга қадар 1 500 нафарга яқин тил эгалари ва юқори малакали хорижий мутахассис жалб этилди. Янги ўқув йилида эса яна 2 500 нафар хорижлик мутахассислар олиб келиниши режалаштирилган.
Жорий йилда “STEP” (Smart Tongues Education Programme) лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги қатор умумтаълим мактаблари битирувчиларининг хорижий тилни ўзлаштириш даражасини аниқлаш бўйича кенг кўламли баҳолаш жараёнлари бўлиб ўтди. Мазкур синов натижаларига асосан, пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 11 минг нафарга яқин битирувчи синф ўқувчилари чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича бепул миллий сертификатларни (CEFR) қўлга киритди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА