Пахта теримида юқори ҳосилдорликка эришиш масалалари муҳокама қилинди
Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Республикамиз ҳудудларида пахта дефолиациясини илмий асосланган агротехник талаблар асосида сифатли ва ўз муддатида ўтказиш, ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Унда бугунги кунда пахта далаларидаги ҳолат, август ойининг биринчи ярмида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижалари ҳамда яқин кунларда кечиктирмасдан бажарилиши лозим бўлган муҳим агротехник ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, дефолиация жараёнига ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, ғўзанинг ўсиш ва ривожланиш ҳолати, кўсакларнинг пишиш ва очилиш даражаси каби омилларни инобатга олган ҳолда ёндашиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Семинарда Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани, шунингдек, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги фермерлар ҳам сўзга чиқиб, ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда Этефон препарати билан ишлов беришнинг аҳамияти, унинг кўсакларнинг очилишига таъсири ҳамда далаларда кузатилаётган натижалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Муҳокамалар давомида шу кунгача гектарига 2 литр Этефон билан ишлов берилган пахта майдонларида навбатдаги агротехник тадбирларни қандай ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, гектарига 1–1,5 литр миқдорида Этефон қўлланилган майдонлардаги ғўзаларнинг ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Ҳар бир майдондаги ҳолатга бир хил мезон билан эмас, балки ҳудуднинг географик жойлашуви, иқлим шароити, ғўзанинг ривожланиш даражаси ва кўсакларнинг очилиш ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш зарурлигини таъкидланди.Шу асосда айрим майдонларда белгиланган меъёрлар доирасида авгуронга этефон қўшиб ишлов бериш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Семинарда асосий эътибор ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида, илмий тавсиялар ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга оширишга қаратилди. Зеро, дефолиацияни тўғри муддат ва мақбул меъёрларда ўтказиш ғўзаларнинг баргдан тез ва сифатли тозаланиши, кўсакларнинг бир маромда очилиши ҳамда пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўқув семинари якунида мутасаддилар, агрокластерлар ва фермерларга пахта майдонларини ҳар куни таҳлил қилиб бориш, ҳар бир ҳудуд ва дала шароитидан келиб чиқиб дефолиация ишларини илмий асосланган тавсиялар асосида ташкил этиш, ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА