Мактабдаги янги тажриба
Бугун мамлакатимизда таълим тизимини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш, мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ёшларнинг жаҳон таълим майдонида муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилаётган таълим ислоҳотлари, хусусан, мактабларга хорижий мутахассисларни жалб этиш ва замонавий ўқитиш методларини жорий қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Бундай имкониятлардан бири Бухоро вилояти Олот туманидаги 28-умумтаълим мактабида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу ерда фаолият юритаётган ҳиндистонлик инглиз тили ўқитувчиси Роземол замонавий педагогик ёндашувлар ва интерактив машғулотлар орқали ўқувчиларнинг хорижий тилни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириб келмоқда.
Эътиборлиси, унинг дарслари одатий машғулотлардан фарқ қилади. Ўқувчилар фақат дарсликдаги қоидаларни ёдлаш ёки янги сўзларни ўзлаштириш билан чекланиб қолмай, инглиз тилида фикр билдириш, саволларга мустақил жавоб бериш, суҳбатдоши билан мулоқотга киришишга ҳам ўрганмоқда.
Хусусан, “English Without Borders” дастури доирасида 8–11-синф ўқувчилари учун ташкил этилаётган машғулотларда тил ўрганишнинг амалий жиҳатларига устувор аҳамият берилган. Дарслар давомида диалоглар, гуруҳли топшириқлар, аудио ва видеоматериаллар, кундалик ҳаётда учрайдиган турли вазиятларга асосланган машқлардан фойдаланилмоқда.
Бу усуллар ўқувчиларнинг нафақат луғат бойлигини ошириш, балки тинглаб тушуниш, тўғри талаффуз қилиш ва равон сўзлаш кўникмаларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, болаларда хорижий тилда гапиришдан чўчимаслик, ўз фикрини эркин ифодалаш ва мулоқот жараёнида фаол иштирок этиш ишончи шаклланмоқда.
Зеро, тил ўрганишдаги энг катта тўсиқлардан бири — билимнинг етишмаслиги эмас, балки уни амалда қўллашга бўлган ишончнинг сустлигидир. Шу маънода, хорижлик педагог билан бевосита мулоқот қилиш ўқувчилар учун ўзига хос тил муҳитини яратиб, уларнинг назарий билимларини амалий кўникмаларга айлантириш имконини бермоқда.

Роземол фақат дарс машғулотлари билан чекланиб қолмаяпти. У қўшимча дарсларда ҳам фаол иштирок этиб, иқтидорли ва билим олишга интилувчан ўқувчиларни CEFR ҳамда IELTS каби халқаро имтиҳонларга тайёрлашга ҳисса қўшмоқда. Бу эса ёшларнинг келгусида нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиши, халқаро таълим дастурларида қатнашиши ва кенг имкониятларга эга бўлиши учун муҳим пойдевор яратади.
Дарҳақиқат, бугун инглиз тилини билиш шунчаки қўшимча билим эмас, балки замонавий дунёда янги имкониятлар эшигини очувчи муҳим воситага айланди. Хорижий тилни пухта ўзлаштирган ёшлар жаҳон илм-фани, илғор технологиялар ва халқаро тажрибалардан бевосита фойдаланиш имконига эга бўлади.
Олот туманидаги мазкур мактабда йўлга қўйилган тажриба ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Чунки сифатли таълим имкониятлари фақат йирик шаҳарлар ёки ихтисослаштирилган мактаблар билан чекланиб қолмаслиги, энг чекка ҳудудлардаги ўқувчилар ҳам халқаро билим ва тажрибадан баҳраманд бўлиши муҳим.
Энг муҳими, хорижлик педагогнинг фаолияти ўқувчиларда тил ўрганишга бўлган қизиқишни кучайтириш билан бирга, уларнинг дунёқараши, мулоқот маданияти ва келажакка бўлган интилишларини ҳам бойитмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири