Мактабда инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда
Тараққиёт йўлида қўйилган қадамнинг ҳар бири муҳим. Айниқса, ёшлар ўқувчилик кезлариданоқ янгилик ва инновацион ғояга интилиб яшаса, нур устига нур.
Пойтахтимиздаги 26-сонли мактабда ҳам ана шундай изланувчан ўқувчилар таҳсил олиб келмоқда. Хусусан, улар томонидан ишлаб чиқилган экологик лойиҳа масъуллар эътиборини ҳам тортмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари О.Раҳимов, М.Хўжаева, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати С.Файзиева ҳамда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари 26-сонли мактабда ташкил этилган инновацион лойиҳа билан танишди.
Мазкур мактабда ёмғир сувларини йиғиш ва ундан унумли фойдаланиш йўлга қўйилган бўлиб, бунда ёғин сувлари махсус идишларда тўпланиб, ундан фильтрга юборилади, сўнгра мактаб ҳудудидаги иссиқхонада экилган ўсимликларни суғориш учун ишлатилади.

Иссиқхонада турли хил ўсимликлар экилган бўлиб, бунда ўқувчи ёшларнинг экологик билимлари амалий дарслар орқали янада оширилади.
Таълим жараёнлари табиат билан уйғун ҳолда ташкил этилгани, ушбу лойиҳани бошқа таълим масканларида ҳам жорий этиш мумкинлиги депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Қайд этиш лозимки, кичик ғоялар улкан натижаларга замин яратади. Шу маънода ушбу лойиҳа ҳам мамлакатимиз ёшларининг салоҳиятидан далолат десак, янглишмаймиз.
Шербек Исломов, ЎзА