Маҳмуд Йўлдошев – шоир, психолог, олим ва журналист
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир, психолог олим ва ҳуқуқшунос Маҳмуд Йўлдошев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир мамлакатимиз адабий ва илмий жамоатчилиги ҳаётида муҳим воқеа сифатида аҳамият касб этади. Зеро, Маҳмуд Йўлдошев нафақат ўзининг бадиий ижоди, балки илмий изланишлари, педагогик фаолияти ва жамоатчилик ишларидаги фаол иштироки билан ҳам кенг эътироф этилган шахслардан биридир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, Маҳмуд Йўлдошев Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида таваллуд топган. Унинг ҳаёт йўли оддий қишлоқ муҳитидан бошланиб, узлуксиз изланиш ва меҳнат орқали юксак маънавий ва илмий марраларга етиб боргани билан аҳамиятлидир.
[gallery-28787]
Ижодкор “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги каби нуфузли муассасаларда меҳнат қилган. Бугунги кунда у ёш авлодга билим ва тажрибасини улашиб келмоқда.
Маҳмуд Йўлдошевнинг ижодий мероси серқирра ва мазмунан бойдир. Унинг қаламига мансуб 30 дан ортиқ асарлар орасида шеърий тўпламлар, насрий асарлар, илмий тадқиқотлар ва публицистик ишлар алоҳида ўрин тутади. «Ҳақни излаб», «Порлаган юрак», «Йиллар маржони», «Сидранинг тўрт меваси», “Туркуларим”, «Умай қўшиғи» каби асарлар инсон қалби, ҳаёт фалсафаси ва маънавий қадриятларни теран ифодалаши билан ажралиб туради.
Шу билан бирга, ижодкорнинг «Тарбия тасвирлари», «Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири», «Хотирада сақлаш усуллари», «Бошқарув психологиясида ахлоқ», «Ҳарбий психология», «Ҳарбий раҳбарларга психотренинг» каби илмий асарлари психология ва педагогика соҳаларида муҳим манба сифатида эътироф этилган.
Адиб асарлари нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда ҳам кенг тарқалган. Улар “Огонёк”, “Меридиан”, “Студенческий меридиан”, “Байкал” каби нуфузли журналларда чоп этилгани, шунингдек, Туркия нашрларида эълон қилингани унинг ижодига бўлган қизиқиш ва эътирофнинг юқори эканлигини кўрсатади.
Унинг “Бол” (“Дард”) асари рус тилига таржима қилиниб, алоҳида китоб сифатида нашр этилган.
Маҳмуд Йўлдошев юзлаб илмий ва публицистик мақолалар муаллифи сифатида ҳам самарали ижод қилган. У халқаро конференциялар ва симпозиумларда фаол иштирок этиб, ўз маърузалари билан илмий жамоатчилик эътиборини қозонган. Жумладан, 2008 йилда Туркияда бўлиб ўтган халқаро анжуманда «Ўзбек киносида Насриддин Афандининг психологик портрети» мавзусидаги маърузаси катта қизиқиш уйғотган.
Тадбир доирасида ижодкорнинг бой адабий ва илмий мероси, унинг жамият маънавий тараққиётига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилди. Унда ёзувчилар, олимлар, адабиётшунослар, талабалар ва кенг китобхонлар жамоатчилиги иштирок этди.
Мазкур адабий-маърифий тадбир миллий адабиёт ва илм-фан ривожига хизмат қилиш, ёш авлодни маърифат ва ижод руҳида тарбиялаш, шунингдек, юртимизда маънавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
А.Алижонов (суратлар),
ЎзА мухбирлари