Маҳаллаларга бадиий ва маърифий китоблар тақдим этилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят бўлими ташаббуси билан Қарши шаҳридаги Алишер Навоий ва Ойдин маҳаллаларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшлар онгида давлат рамзларига ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат ва юксак фуқаролик масъулиятини тарғиб этишдан иборат бўлди.
Тадбирлар давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг қабул қилиниши тарихи, унинг мазмун-моҳияти, рамзий маъноси ҳамда мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиётидаги ўрни ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, давлат рамзларини ардоқлаш ва эъзозлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи экани алоҳида таъкидланди.

Тадбирлар якунида маҳаллалардаги болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга мактаб сумкалари, футболкалар ва кепкалар топширилди. Шунингдек, маҳалла кутубхоналари фондларини бойитиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллага 100 нусхадан бадиий ва маърифий китоблар тақдим этилди.

Таъкидланганидек, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларни давлат рамзларига ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда жамиятда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири