12 килограммга яқин гиёҳвандлик воситаси аэропортда ушланди
Божхона қўмитаси тизимига кирувчи «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда пойтахт халқаро аэропорти орқали мамлакатимизга йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга қаратилган икки ҳолатга чек қўйди.
Дастлабки ҳолат Тошкент халқаро аэропорти чегара божхона постида аниқланди. Бангкокдан учиб келган ва божхона назоратининг «яшил» йўлагини танлаган 44 ёшли йўловчи шубҳа асосида батафсил текширилди. Божхона кўриги давомида унинг багажида 4 килограмм 800 граммдан зиёд «марихуана» гиёҳвандлик воситаси яширилгани маълум бўлди.
Иккинчи ҳолатда эса Пхукетдан учиб келган 19 ёшли қўшни давлат фуқаросининг юклари текширилди. Божхоначилар эътиборини тортган қуруқ сут маҳсулоти сифатида қадоқланган ўнта ўрам махсус лаборатория экспертизасига юборилди.

Экспертиза хулосасига кўра, мазкур қадоқларда қуруқ сут эмас, балки 7 килограмм 180 грамм «мефедерон» синтетик гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги тасдиқланди. Терговга қадар текширувларда аниқланишича, ушбу шахс номаълум шахс билан Телеграм орқали боғланиб, гиёҳвандлик воситасини 1000 АҚШ доллари эвазига Тошкент шаҳрига етказиб беришга рози бўлган.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда аниқлаган 403 та ҳолат бўйича қарийб 1 тонна 760 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб кирилиши ва ички муомалага чиқарилишига чек қўйилган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА