Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладошлар юрт ободлигига ҳисса қўшди

ФОТОРЕПОРТАЖ

Мамлакатимизда “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари юртдошларимизнинг бирдамлиги ва фидойилигини яна бир бор намоён этмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига кўра, Наврўз байрамини кўтаринки руҳда кутиб олиш ва муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, шунингдек, маҳаллаларни ободонлаштириш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 13–14 март кунлари юртимиз бўйлаб умумхалқ ҳашари ташкил этилди.

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Кўҳна Чўпон ота маҳалласида ҳам ҳашар кўтаринки кайфиятда ўтди. Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар — ёшу қари, каттаю кичик бир ёқадан бош чиқариб, ҳудудни янада кўркам ва озода қилишга ўз ҳиссасини қўшди. Мазкур маҳаллада 12 минг 260 нафар аҳоли яшайди, ҳудудда 55 та кўп қаватли уй жойлашган.

Ҳашар давомида уй-жойлар, мактаб ва боғчалар, турли бино ва иншоотлар атрофи тозаланиб, ҳудудлар ободонлаштирилди. Шунингдек, Чўлпон ота қабристонида ҳам кўнгиллилар томонидан тозалаш ва тартибга келтириш ишлари амалга оширилди. Бу ишлар ҳудуд кўркини ошириш билан бирга, халқимизга хос ҳурмат ва эҳтиром анъаналарини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

[gallery-28157]

Маҳалла боғини янада кўркамлаштириш мақсадида 150 туп мевали дарахт кўчати экилиб, яшил ҳудудлар кенгайтирилди.

Муборак Рамазон ойи ва Наврўз байрами арафасида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 60 га яқин кам таъминланган оиланинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам ва зарур рўзғор буюмлари тарқатилди.

Ҳашар якунида маҳаллада ифторлик дастурхони ёзилиши режалаштирилган. Бу эса аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Камола Юсупова,

Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА