Маҳалладан майдонга: Жиззахда 30 ёшдан ошганлар спортига кенг йўл очилди
Жиззах шаҳридаги Киберспорт аренада “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 30 ёшдан юқори аҳоли ўртасида спорт мусобақаларига старт берилди. Тадбир маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш ва оммавий спортни янада кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамият касб этди.
Мусобақалар очилиш маросимида маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Сўзга чиққанлар юртда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда спортни ҳаёт тарзига айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.
Айниқса, бу галги беллашувларнинг 30 ёшдан ошган аҳоли қатламини қамраб олаётгани эътиборлидир. Зеро, спорт нафақат ёшлар, балки катта авлод вакиллари учун ҳам соғлом ҳаёт, юқори кайфият ва фаол турмуш гарови ҳисобланади.

Уч босқичда ўтказиладиган мусобақалар мини-футбол, волейбол, стол тенниси, стритбол, воркаут, шунингдек, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича ташкил этилмоқда. Бу эса маҳаллаларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, аҳолини жамоавийлик ва бирдамлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Бугун спорт майдонларида фақат ғолиблар эмас, балки соғлом ва фаол ҳаёт тарафдорлари ҳам камол топмоқда. Жиззахда бошланган мазкур мусобақалар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари