Маҳалладан бошланган амалий ҳаракатлар халқаро спорт ареналарига йўл очмоқда
Муносабат
Мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар кўлами янада кенгаяди. Президентимиз томонидан имзоланган янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунда бу йўнилишда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида спорт соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Сўнгги саккиз йилда бюджетдан спортга берилаётган йиллик маблағ 250 миллиард сўмдан 3 триллион сўмга оширилгани соҳага қаратилаётган эътиборнинг ёрқин далилидир.
Юртимизда спортни энг қуйи бўғин, маҳалладан бошлаш учун беш босқичли оммавий спорт мусобақалари йўлга қўйилган. Унга 15 миллион нафар аҳоли қамраб олинди. Ундан ташқари ўзбекистонлик ёшлар Осиё ва Олимпия ўйинларида 50 дан ортиқ рекорд натижаларга эришгани, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиб, халқимизнинг кўп йиллик орзусини амалга оширгани ҳақида ғурур билан гапириш мумкин.
Шу билан бирга спортни янада оммалаштириш, манфаатдор ташкилот ва идораларнинг ўзаро вазифалари ва ваколатларини қонун даражасида белгилаш эҳтиёжи юзага келмоқда. Боиси, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги амалда бўлган қонун 2015 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Сўнгги йилларда оммавий спорт, ўқувчи ва талабалар спорти, спорт таълими, селекция, олий спорт, адаптив спорт, паралимпия ҳаракати, хусусий спорт клублари, спорт агенти ва рақамлаштириш деган янги ёндашувлар пайдо бўлди.
Шунингдек, спорт турларини эътироф этиш ва келишилган ўйинларга қарши курашиш каби тартибга солиниши лозим бўлган масалалар юзага келишни бошлади.
Оддий бир мисол. Оммавий спорт, ўқувчилар ва талабаларни спортга жалб этиш, спортчиларни тайёрлаш ва саралаб олиш тизими амалдаги қонунда назарда тутилмаган. Шунингдек, спорт турларини эътироф этиш, спорт федерацияларини реестерга киритиш тартиби, келишилган ўйинларга қарши курашиш каби масалалар тартибга солинмаган.
Айни мақсадда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди ва Президент томонидан имзоланди.
Қонун 8 та боб ва 65 та моддадан иборат. Янги қонунда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб бориш, спорт турларини эътироф этиш, уларнинг реестрини юритиш тартиби такомиллаштирилмоқда.
Қайд этиш керакки, ҳозирда 47 та олимпия, 27 та паралимпия, 85 та ноолимпия, 3 та миллий ва 3 та адаптив, жами 165 та спорт турлари эътироф этилган ва реестрга киритилган.
Спорт турини эътироф этиш учун у республиканинг камида 7 та ҳудудида ривожланган бўлиши талаби ўрнатилмоқда. Уни ривожлантиришда ва мусобақаларни ўтказишда халқаро ташкилотларининг спорт турлари қоидалари қўлланилиши белгиланмоқда.
Энг асосийси, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари белгиланмоқда.
Аҳамиятлиси, Миллий олимпия ва паралимпия қўмитасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, Паралимпия, Сурдолимпия, Махсус олимпия
ва Кўзи ожизлар спорти ҳаракатларига доир масалалар қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, спорт федерацияларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ
ва мажбуриятлари, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари, спорт клублари ва спорт лигаларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолият юритиш тартиби, тренер, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Миллий антидопинг агентлигининг ҳуқуқий мақоми, спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Жумладан, миллий антидопинг қоидалари Бутунжаҳон антидопинг кодекси асосида тасдиқланади. Антидопинг қоидаларини бузганлик учун қўлланиладиган чоралар белгиланмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам айни йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, унда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб спорт соҳасини бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этилиши кўзда тутилган.
Яъни, спорт федерацияи фаолияти билан боғлиқ йиллик барча харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик киритган тадбиркорни спорт федерацияларининг ижро органларига киритиш йўлга қўйилади. Бунда бошқарувда тадбиркорлар иштирок этадиган спорт федерациялари рўйхати Миллий олимпия қўмитаси томонидан Спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
Ишончли бошқарувга берилган профессионал футбол клубларида, клубни молиявий ва стратегик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий шаффофликни таъминлаш мақсадида Кузатув кенгаши
ва тафтиш комиссияси ташкил этилади.
Қарор билан профессионал футбол клублари ишончли бошқарувига ва спорт федерацияларига жалб қилинган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар назарда тутилмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан 2029 йил 1 апрелга қадар “Супер лига” ва “Про лига”да иштирок этувчи футбол клублари футболчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади ҳамда улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Хулоса қилиб айтганда мазкур қонун ва давлатимиз раҳбарининг қарори спорт соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Жисмоний тарбия ва спортга оид муносабатларни тизимли ташкил этиш, амалиётда мавжуд бўлган айрим ноаниқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. Пировардида спорт янада оммалашади. Тарихий рекордлар янада кўпаяди.
Дамир ИСМАГИЛОВ,
“TIQXMMI” Миллий тадқиқоқот университети
“Жисмоний тарбия ва спорт” кафедраси в.б. профессори,
педагогика фанлари доктори (DSc), доцент.
ЎзА