Спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш – устувор вазифа
Муносабат

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга кўтариш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда спортни ривожлантириш бўйича янги ташаббус ва тизимли ёндашувлар илгари сурилди. Хусусан, оммавий спортда нафақат қамров, балки аҳолининг соғлиғи ва жисмоний кўрсаткичлари асосий мезон сифатида белгиланиши таъкидланди. Спорт тўгаракларидаги формал ёндашувлар танқид қилиниб, уларни амалий натижага йўналтириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, олий таълим муассасаларида спортни ривожлантириш, талаба-ёшларни спортга кенг жалб этиш, федерациялар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда иқтидорли ёшларни саралаш ва тайёрлаш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгилаб берилди. Маҳаллаларда “соғлом ҳаёт волонтёрлари” тизимини жорий этиш, спорт натижадорлигини соғлиқ кўрсаткичлари асосида баҳолаш ва фаол ҳудудларни рағбатлантириш механизмларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Барча таълим муассасаларида замонавий ва оммабоп спорт йўналишларини, жумладан, кросс-фит машғулотларини жорий этиш, ҳафтанинг бир кунини спорт куни сифатида белгилаш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда “маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – олийгоҳ” занжири асосида узлуксиз тизимни шакллантириш, дуал таълим асосида мураббийлар тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам илгари сурилди. Шу билан бирга, соҳада илмий ёндашувларни кучайтириш, замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали бошқарув самарадорлигини ошириш вазифалари белгилаб берилди.
Муҳими, барча даражадаги раҳбарлар фаолияти спорт соҳасидаги аниқ натижалар асосида баҳоланиши, ижро интизоми ва шахсий масъулият кучайтирилиши таъкидланди.
Наманган давлат техника университетида ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида спорт соҳасидаги ишлар янги ёндашувлар асосида ташкил этилмоқда. Жумладан, талаба-ёшларни оммавий спортга жалб этиш кўлами кенгайтирилиб, спорт тўгараклари фаолияти қайта кўриб чиқилмоқда. Замонавий спорт турлари жорий этилиб, инфратузилмадан самарали фойдаланиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ойбек Эргашев,
Наманган давлат техника университети ректори, профессор, ЎзА