Мадьяр Венгрияга ажратилган маблағни олиш учун Еврокомиссия талабини қабул қилади
Венгрия парламенти сайловида ғалаба қозонган “Tisza” партияси етакчиси Петер Мадьяр ЕИ ҳисобидан Венгрия учун ажратилган маблағ музлатилиши бекор қилиниши масаласини Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан яна бир бор муҳокама қилгани ва зарур қарор қабул қилишга тайёрлигини айтди.
Аввалроқ Мадьяр Урсула фон дер Ляйен билан музлатилган Европа Иттифоқи маблағидан 20 миллиард еврони қайтариш бўйича музокара олиб борганини маълум қилган эди. “Financial Times” ЕИ расмийларига таяниб, янаям олдинроқ ташкилот янги етакчидан ушбу маблағни олиш учун 27 шарт бажарилиши талаб этилишидан огоҳлантиргани ҳақида ёзган.
– ЕК раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан яна бир муҳим телефон суҳбати ўтказдим, – деб ёзган Мадьяр ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Биз энг муҳим ва устувор вазифа – ЕИ маблағидан триллионлаб форинтни озод қилишга келишдик. “Tisza” ҳукумати энди Венгрия халқи, муассасалари ва компаниялари манфаатини кўзлаб зарур сиёсий қарорлар қабул қилади.
Унинг сўзларига кўра, Урсула фон дер Ляйен “ЕК қисқа вақт ичида муайян натижага эришиш ва венгр халқи ўзи ҳақли ҳисобланган ЕИ тараққиёт жамғармаларига иложи борича тезроқ киришини таъминлаш учун янги ҳукумат билан яқин ҳамкорлик қилади”, деган.
Маълумки, 12 апрель куни Венгрияда парламент сайлови бўлиб ўтди. Петер Мадьярнинг “Tisza” партияси Виктор Орбаннинг “Fides” партиясига нисбатан сезиларли устунликка эга бўлиб, мамлакатни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритди.
С.Раҳимов, ЎзА