Маданият ва санъат соҳасида бошқарув такомиллаштирилади
“Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Маданият вазирлиги тизимидаги маданият марказлари трансформация қилинади.
Маданият вазирлиги тизимидаги маданият марказлари фаолияти номоддий маданий меросни тарғиб қилиш, ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, шунингдек, технология, муҳандислик, ҳунармандчилик ва бошқа янги йўналишларда йўлга қўйилади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимига ўтказилади.
Хусусий инвестицияларни жалб этиш ва (ёки) илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида фаолияти йўлга қўйилади. Ресурслардан оқилона фойдаланиш учун самарасиз маданият марказлари фаолияти мақбуллаштирилади.
2026 йил 1 июлдан “Тумор” давлат рақс ансамбли” давлат муассасаси ташкил этилади.
Маданият бўлимлари Маданият вазирлиги томонидан юритиладиган рейтинг натижалари асосида рағбатлантирилади. Бунда рейтинг 2027 йилдан бошлаб ҳар йилнинг якуни бўйича юритилади ҳамда унда маданий тадбирларга аҳоли қамрови ва миллий қадриятларни асраш билан боғлиқ кўрсаткичларга устуворлик берилади. Рейтингда энг юқори ўринни эгаллаган маданият бўлимлари Давлат бюджети ҳисобидан рағбатлантириб борилади.
Шербек Исломов,
ЎзА