Маданий мерос объектлари назоратда
“Миллий тикланиш” партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” фракцияси раиси Алишер Қодиров ва Марказий Кенгаш вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Хўжайли туманидаги “Саришунгил” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Миздаххан археологик-архитектура мажмуасида бўлиб, бу ердаги тарихий обидаларнинг бугунги ҳолати, туристик инфратузилмалар ва кадастр ҳужжатлари билан танишди.
Миздаххан археологик-архитектура мажмуаси IV-XIV асрларга тегишли бўлиб, унда “Гауир қалъа”, Шамун-наби, Мазлумхон сулув, “Қирқ чўпон”, “Халифа Ережеп” мавзолейлари ва бошқа ёдгорликлар мавжуд.

Шамун Набий – Жумарт қассоб дўнглигининг жануб томонида, дўнглик пойида жойлашган бўлиб, XII-XIV асрларда қурилган мақбара ва тиловатхона қисмларидан ташкил топган. Ёдгорлик 29.3х5.2 метр “Ережеп Халифа” ёдгорлиги Мазлумхон сулув мажмуасидан120-130 метрча жанубда жойлашган, ҳозирги кунда кўлами 12х12 метрлик тўғри тўрт бурчак шаклидаги катта бир иморатнинг шарқий, шимолий ва ғарбий қанотларигина сақланиб қолган.

Мазлумхон сулув ёдгорлиги узунлиги 30 эни 25 метр бўлиб, умумий сатҳи 750 квадрат метрча майдонни қоплайдиган, бир-бирига уланиб, қаватланиб кетган бўлмалар, хоналар ва айвончалардан иборат, ниҳоятда мураккаб тузилишдаги жуда ҳам юксак савияда бунёд қилинган, ўзига хос бир қиёфага эга улкан обидадир.
Жўмард қассоб – Мазлумхон сулув тепалигининг ўрта қисмида жойлашган эни 60-90 метр, баландлиги 8 метр бўлган қўрғонсифат сунъий дўнглик. Дўнгликнинг ён нишабларидаги маданий қатламлардан милодий II-III асрларга оид сопол буюмларининг синиқлари топилган.
Ўрганишлар давомида археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари бўйича депутатлар томонидан таклифлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.