ТДМАТУ Хитой билан инновацион энергетика бўйича ҳамкорлик ўрнатди
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети Хитой – Марказий Осиё энергетика ва электр таъминоти инновацион альянси (“China-Central Asia Energy Power Innovation Alliance”) аъзолигига қабул қилинди.
Бу ҳақда ЎзАга хабар берган олий таълим муассасаси матбуот хизматига кўра, университет ректори, профессор Расул Тўраевнинг Хитой Халқ Республикасидаги хизмат сафари мазкур олий таълим даргоҳининг халқаро илмий макондаги мавқеини мустаҳкамлаб, глобал академик тармоқларга интеграциялашуви йўлида муҳим стратегик қадам бўлди.
– Вилоятда замонавий ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун малакали мутахассислар тайёрлаётган университет Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида биринчи бўлиб, мазкур нуфузли халқаро платформанинг тўлақонли аъзосига айланди, – дейди Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети матбуот хизмати раҳбари Заҳриддин Тўраев. – Бу воқеани сафарнинг йирик амалий натижаларидан бири сифатида баҳоласа арзийди.
Сафар чоғида Расул Тўраев илмий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан музокаралар олиб бориб, Шимолий Хитой энергетика университети (North China Electric Power University) ректори, профессор Би Тяншу билан учрашди. Мулоқот чоғида олий таълим муассасаларининг икки томонлама алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама этилиб, энергетика йўналишида илғор илмий тадқиқотларни ривожлантириш учун қўшма илмий-амалий лабораториялар ташкил этиш бўйича келишув тузилди.
Президентимизнинг 2024 йил 18 июлдаги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида ташкил этилган Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун олий маълумотли кадрлар тайёрлайди. Жорий йилда икки мингга яқин талаба ана шу йўналишларни битириб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш соҳалари ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида иш бошлайди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири