Маданий мерос келажаги - муҳокамада
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида Маданий мерос агентлиги томонидан маданий меросни асраш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган уч ой давомида 131,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 25 та маданий мерос объектида реставрация ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 7 та археологик тадқиқот ва 7 та халқаро экспедиция натижасида 2 мингга яқин ноёб топилма давлат фондларига топширилди, 2 та археология объекти эса музейлаштириш босқичига тайёрланган.

Шу билан бирга, Россия ва Японияда Ўзбекистон музей ашёлари кўргазмалари ташкил этилган. Музейларда 1 минг 535 та маданий-маърифий тадбир ўтказилган ҳамда 1 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Эътиборли жиҳати, 162 мингта музей ашёси рақамлаштирилиб, электрон тизимга киритилди, 350 таси эса реставрация қилинди. “Миллий меросга менинг ҳиссам!” акцияси доирасида эса 8,2 миллиард сўмлик 76 та ноёб маданий бойлик харид қилингани маълум қилинди.

Шунингдек, жамоатчилик вакиллари томонидан моддий маданий мерос объектлари рўйхатини қайта кўриб чиқиш, тарихий аҳамиятга эга биноларни ҳам маданий мерос сифатида баҳолаш имкониятларини ўрганиш таклиф этилди. Рўйхатдаги ёдгорликлар номларини давлат тили қоидаларига мувофиқ ягона стандарт асосида унификация қилиш масаласи ҳам кўтарилди.

Бундан ташқари, тарихий объектларда, хусусан зиёратгоҳ ва мемориал мажмуаларда ташриф маданиятини тартибга солиш, экскурсия жараёнларини тизимлаштириш ҳамда сайёҳлар учун замонавий ахборот бериш тизимларини — аудио гидлар ва электрон қурилмаларни кенг жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Алоҳида эътибор тарихий-маданий аҳамиятга эга ёдгорликлар, жумладан қадимий қоятош тасвирлари жойлашган ҳудудларни комплекс ўрганиш, уларни халқаро тажриба асосида ривожлантириш ва илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА