Ланьчжоу мўъжизалари
Ланьчжоу шаҳрида «Ланьчжоуда иккинчи халқаро коммуникация ҳафталиги – Жаҳон ОАВнинг Ланьчжоу бўйлаб медиа-тури» дастури бўлиб ўтмоқда. Унда олти қитъанинг 23 давлатидан ташриф буюрган етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари журналистлари, машҳур интернет-блогерлар ва хорижлик фотосуратчилар шаҳар марказидан 13 километр узоқликда жойлашган Данься геологик ҳудудига ташриф буюрди.
Ранг-баранг товланувчи тоғлари билан ҳайратга соладиган бу маскан ёмғирдан кейин кутилмаганда юмшоқ ва нафис тусга бурканди. Қизил ва тўқ яшил ёнбағирлар енгил туман бағрига сингиб кетгандек, тоғларни қоплаган булутлар эса манзарага ўзига хос гўзаллик бағишлади.
Юз миллионлаб йиллар давомида шаклланган ушбу геологик мўъжиза қуёшли ҳавода рассом палитрасини эслатувчи ёрқин рангларга бурканади. Бироқ ёмғир гўё бу рангларни ювиб юборади: тўқ туслар юмшайди, оч ранглар эса янада шаффофлашади. Гўё табиатнинг ўзи мўйқаламни сиёҳга ботириб, анъанавий хитой рассомчилиги услубида улкан асар яратгандек туюлади.
Кузатув майдончасидан сўнг медиа-тур иштирокчилари «Данься отлари рақси» театрлаштирилган томошаси марказига ташриф буюрди. Улкан қум саҳнасида ўнлаб зотдор отлар чавандозлар бошчилигида томошабинлар қаршисида шиддат билан югуриб ўтди. Бу Ланьчжоуда отчилик маданиятига бағишланган илк йирик очиқ осмон остидаги саҳна кўринишидир.
Томоша асосида Ғарбий Хань сулоласи даврининг машҳур саркардаси Хо Цюйбиннинг Ланцзюйсюй тоғлари яқинидаги ғалабасидан кейинги тарихий юриши ётади. Отчилик санъати, рақс ва замонавий ёритиш технологияларининг уйғунлиги Буюк Ипак йўли ҳақидаги афсоналарни яна бир бор жонлантиради. Қумдаги туёқлар садоси, кўтарилган чанг ва отларнинг шиддатли югуриши томошабинларда кучли ҳис-туйғулар уйғотади.
Ҳозиргина Данься ҳаракатсиз сурат эди, энди эса у гўё жонланиб кетди.

Бу ҳайратланарли. Ёмғирдан кейин Даньсянинг ранглари янада жозибали кўринади, булут ва туман қучоғидаги тоғлар эса худди кинофильм кадрларини эслатади.
Бир лаҳза аввал кўз ўнгимизда табиатнинг гўзал манзараси намоён эди, энди эса у ҳақиқий эпик достонга айланди. От туёқларининг овози, доиралар зарби, чавандозларнинг маҳорати – буларнинг барчаси беқиёс таассурот қолдиради.
Данься минг йиллар давомида ўз қиёфасини сақлаган ҳолда ҳаракатсиз туради. Отлар эса биргина кишнаши билан томошабинни икки минг йил орқага – Хэсидаги Буюк Ипак йўли даврига элтиб қўяди. Ёмғирли Данься ва шиддат билан чопаётган отлар, сокинлик ва ҳаракат – айнан шу уйғунлик бу заминнинг ҳақиқий руҳини очиб беради.
Қадимги Буюк Ипак йўлининг энг муҳим тугунларидан бири ҳисобланган Ланьчжоунинг «акварель Данься» ҳудуди йил фасллари ва об-ҳавога қараб ўзгариб турувчи бетакрор манзаралари, шунингдек, тобора такомиллашиб бораётган туризм инфратузилмаси орқали «Сариқ дарё пойтахти» – Ланьчжоу шаҳрининг юқори сифатли ривожланиш тарихи ҳақида бутун дунёга ҳикоя қилишда давом этмоқда.

Рустамжон Орипов, Элёр Олимов (сурат),
ХХР, Ланьчжоу.
ЎзА