Лабораториялар халқаро ISO стандартлари асосида фаолият юритмоқда
“Ўзбекистон аккредитация маркази” давлат муассасаси томонидан журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Экологик мониторинг миллий маркази” давлат муассасасининг синов лабораториясига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга лаборатория фаолияти, шунингдек, O‘z DSt ISO/IEC 17025 стандарти — “Синов ва калибрлаш лабораториялари компетентлигига умумий талаблар” бўйича амалга оширилаётган ишлар батафсил таништирилди.
– Бугунги кунда экологик мувозанат масаласи нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун долзарб ҳисобланади, – дейди “Ўзбекистон аккредитация маркази” давлат муассасаси шўъба мудири Ҳусниддин Қурбонов. – Хусусан, Тошкент шаҳри ва бир қатор йирик шаҳарларда ҳаво ифлосланиш даражаси баъзи ҳолатларда белгиланган меъёрлардан юқори экани кузатилмоқда. Саноат тармоқларининг жадал ривожланиши, углерод ёқилғиларидан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг ортиши, табиий омиллар, экологик назорат тизимининг етарли эмаслиги каби омиллар ҳаво ифлосланишининг асосий сабабларидан. Шу муносабат билан 2030 йилга қадар атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида чиқиндиларни ушлаб қолиш самарадорлигини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM 2,5 кўрсаткичи бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини қисқартириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.
[gallery-28785]
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 16 февралида “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, миллий сифат инфратузилмасини янада ривожлантириш, аккредитация тизимининг мустақил ва халқаро талабларга мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш мақсадида қатор ташкилий ўзгаришлар амалга оширилади.
Бу ўзгариш аккредитация тизимининг институционал мустақиллигини кучайтириш ва соҳада рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган. Шу билан бирга, миллий сифат инфратузилмасида тузилмавий оптималлаштириш доирасида айрим ташкилотлар қайта ташкил этилиши белгиланган.
Аккредитация соҳасида халқаро интеграцияни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон аккредитация маркази фаолияти янада кенгайтирилади. Хусусан, марказ томонидан APAC MRA доирасида паритет баҳолаш жараёнига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу баҳолаш натижасида тиббий лабораториялар, инспекция органлари, стандарт намуна ишлаб чиқарувчилар ҳамда малакани текшириш провайдерларини халқаро даражада тан олиш имкониятлари кенгаяди. Қабул қилинаётган чора-тадбирлар миллий аккредитация тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқаро эътирофни ошириш ҳамда мамлакатда сифат инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Пресс-тур давомида “Экологик мониторинг миллий маркази” давлат муассасаси фаолияти билан яқиндан танишилди. Журналистларга оқова сувлар, атмосферага чиқарилаётган ташламалар, чиқиндилар ҳамда табиий муҳит объектларининг ифлосланиш даражасини таҳлил қилиш жараёнлари намойиш этилди.
Шунингдек, саноат корхоналари — завод ва фабрикалар, транспорт воситалари ҳамда бошқа манбалардан олинган намуналарни лаборатория шароитида текшириш ва таҳлил қилиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистонда экологик мониторинг тизимини такомиллаштириш ва лабораториялар фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш ҳамда илмий таҳлиллар сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат)
ЎзА мухбири