Конструкторлар кенгаши – инновацион тараққиётнинг муҳим омили
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар саноат тармоқларини модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда илм-фан ютуқларини амалиётга кенг жорий этишга қаратилган. Бу жараёнда конструкторлик мактаблари ва инновацион ғоялар иқтисодиёт тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам интеллектуал салоҳиятни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли муҳандисларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг илмий-техник ишланмаларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири Конструкторлар кенгашининг ташкил этилганидир.
Мазкур кенгаш бир йил аввал комбинатдаги конструкторлик фаолиятини мувофиқлаштириш, мутахассислар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган эди. Бугунги кунда у нафақат маслаҳат органи, балки муҳандис-конструкторларни бирлаштирувчи ва уларнинг интеллектуал имкониятларини юзага чиқарувчи самарали майдонга айланди.
– Конструктор – бу шунчаки чизма чизувчи мутахассис эмас. У янги техника, механизм ва технологик ечимларни яратувчи, ғояни амалий маҳсулотга айлантирувчи муҳандисдир. Замонавий саноатнинг рақобатбардошлиги, маҳсулот сифати ва иқтисодий самарадорлиги кўп жиҳатдан айнан конструкторларнинг билим ва маҳоратига боғлиқ, – дейди “НКМК” АЖ Конструкторлар кенгаши раиси Каримжон Абдуллаев. – Навоий кон-металлургия комбинатида бу соҳада мустаҳкам мактаб шаклланган. Марказий конструкторлик бюроси ҳамда таркибий бўлинмаларда 100 нафардан ортиқ юқори малакали муҳандис-конструктор меҳнат қилмоқда. Жумладан, Навоий машинасозлик заводида 35 нафардан зиёд креатив фикрлайдиган конструкторлар янги техник ишланмалар устида самарали изланишлар олиб бормоқда. Бироқ ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашгани сабабли конструкторлар ўртасида доимий ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш зарурати пайдо бўлган эди. Конструкторлар кенгаши айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди. Энди Учқудуқдаги муҳандис Маржонбулоқдаги ҳамкасби билан тажриба алмашиш, биргаликда муаммоларни муҳокама қилиш ва инновацион ечимлар ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлди.

2025 йил 19 сентябрда кенгашнинг Низоми тасдиқланиб, таркибига 16 нафар энг малакали мутахассис киритилди. Шунингдек, турли йўналишлар бўйича тўққизта лойиҳалаш гуруҳи ташкил этилди. Улар ҳар бир лойиҳани унинг илмий асосланганлиги, инновационлиги, иқтисодий самарадорлиги, ижтимоий ва экологик аҳамияти бўйича баҳолаб, ишлаб чиқаришга тавсия этиш билан шуғулланмоқда.
Кенгаш фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, йиғилишлар ишлаб чиқариш майдонларида технологлар, механиклар, энергетиклар ва бошқа тажрибали мутахассислар иштирокида ўтказилмоқда. Бу эса мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ва тезкор ечимлар қабул қилиш имконини бермоқда.
Маълумотларга кўра, 2018-2025 йиллар давомида ёш муҳандис ва мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган 1432 та рационализаторлик таклифи ишлаб чиқаришга жорий қилиниб, натижада 586,9 миллиард сўм иқтисодий самарадорликка эришилди.
Айниқса, “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танловининг анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётгани ўз самарасини бермоқда. Танлов ғолиблари орасида тажрибали муҳандис-конструкторлар билан бирга ўрта махсус маълумотли иқтидорли ёшларнинг ҳам борлиги соҳада кадрлар захираси мустаҳкам эканини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда сунъий интеллект, рақамлаштириш, робототехника, автоматлаштириш ва 3D моделлаштириш жадал ривожланаётган даврда Конструкторлар кенгаши ушбу йўналишларда янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, кенгаш ёш мутахассисларни кашф этиш, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратаётир. Яқинда истиқболли лойиҳалар муаллифи бўлган ўн уч нафар муҳандиснинг тақдирлангани бунга яққол мисолдир. Бу каби эътироф ва рағбат янги ғоялар туғилишига, муҳандисларнинг изланишларини янада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, Конструкторлар кенгаши корхонанинг рақобатбардошлигини оширувчи ва инновацион тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган йўналишга айланиб бормоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири