Солиқ қўмитаси AI SOLIQ платформасини ишга туширди
Солиқ қўмитасида «AI SOLIQ – сунъий интеллект асосидаги янги авлод рақамли платформаси» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Солиқ қўмитаси раҳбарияти ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар доирасида Солиқ қўмитаси томонидан AI SOLIQ платформасининг ишга туширилиши солиқ маъмуриятчилигини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Эндиликда ai.soliq.uz платформаси орқали тадбиркорлар, бухгалтерлар ва ташкилот раҳбарлари сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда солиқ маълумотларини реал вақт режимида таҳлил қилиш, ҳуқуқий тушунтиришлар олиш ҳамда ўз фаолиятига оид маълумотларга тезкор эга бўлиш имкониятига эга. AI SOLIQ платформаси интерактив чат шаклида ишлайди. Фойдаланувчилар бир неча сония ичида корхона фаолиятини таҳлил қилиши, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг юқори хавф («қизил») тоифасига тушиш сабабларини аниқлаши, солиқ рейтинги, амалдаги солиқ имтиёзлари, ҳисоботлар ва солиқ маъмуриятчилигига оид бошқа масалалар бўйича тезкор ҳамда амалий жавоблар олиши мумкин.
AI SOLIQ нафақат солиқ тўловчилар учун рақамли маслаҳатчи, балки Солиқ қўмитасида ишлаб чиқилган сунъий интеллект ечимларини ягона тизимга бирлаштирган инновацион платформа ҳам ҳисобланади.
–Платформанинг «AI Корхона» хизмати корхонанинг солиқ ҳолатини комплекс таҳлил қилиб, муаммоли жиҳатларни аниқлайди, уларнинг эҳтимолий сабабларини кўрсатади ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар беради, – дейди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев. – Бу тадбиркорларга давлат органларига мурожаат қилмасдан туриб, ўз фаолиятини мустақил баҳолаш имконини яратади. «AI Имтиёз» хизмати эса солиқ тўловчи фойдаланиши мумкин бўлган имтиёзларни аниқлайди, уларни қўллаш шартларини тушунтиради ҳамда аввал рад этилган мурожаатлар сабабларини таҳлил қилади. «AI Ҳисобот» хизмати сунъий интеллект асосида солиқ ҳисоботларини таҳлил қилиб, тақдим этилиши лозим бўлган ҳисоботлар, уларнинг муддатлари, эҳтимолий хатолар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсияларни тақдим этади. Айни пайтда «AI Мурожаатлар» ва «AI Ёрдамчи» интеллектуал хизматларини яратиш ишлари ҳам якунланиш арафасида бўлиб, улар яқин вақтларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, платформани ишлаб чиқишда ахборот хавфсизлигига устувор аҳамият қаратилган. Барча AI ечимлари ҳимояланган ахборот муҳитида ишлайди, солиқ ва шахсий маълумотлар ташқи платформаларга узатилмайди, тизимга кириш ҳуқуқлари қатъий назорат қилинади.
[gallery-30640]
Шу билан бирга, сунъий интеллект томонидан тақдим этилган тавсиялар инсон назорати остида қўлланилади. Юридик аҳамиятга эга қарорлар эса фақат масъул мутахассислар томонидан қабул қилинади.
Тадбирда таъкидланганидек, сунъий интеллект инсон меҳнатини алмаштириш учун эмас, балки унинг самарадорлигини ошириш, такрорланувчи жараёнларни автоматлаштириш ва бошқарув қарорлари сифатини юксалтириш мақсадида жорий этилмоқда.
Бугунги кунда AI технологиялари нафақат солиқ тўловчилар учун мўлжалланган рақамли хизматларда, балки солиқ органларининг ички фаолиятида ҳам кенг қўлланилмоқда. Улар катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, хавфларни баҳолаш ва самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини бермоқда.
Маълум қилинишича, мазкур йўналишдаги ишлар жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Сунъий интеллект лабораторияси фаолияти доирасида йўлга қўйилган. Бугунги кунда ушбу лаборатория солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, инновацион рақамли хизматларни яратиш ва давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган AI ечимларини ишлаб чиқиш бўйича асосий марказ сифатида фаолият юритмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА