Компенсация ундирилди
Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада адлия идоралари томонидан олиб борилаётган амалий ишларни эътироф этиш жоиз.
Наманган вилоятининг Давлатобод тумани адлия бўлими томонидан тумандаги Умид маҳалласи ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини олиб борган фуқаро Й .А. нинг мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, фуқаронинг савдо дўкони бундан 17 йил аввал ҳокимлик қарори билан бузиб ташланган бўлсада, унга тегишли компенсация маблағлари ҳозирга қадар тўлаб берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида адлия идораси тарафидан Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Натижада тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, унга тегишли савдо дўкони учун 409 миллион сўм миқдорида компенсация ундириш тўғрисида суд қарори чиқарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА