Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиёти давлат рўйхатидан ўтказилди
Қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий мезони ҳар бир деталга чуқур ёндашишдир. Хусусан, бунда мулкка доир тартиблар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Адлия вазирлиги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиётини давлат рўйхатидан ўтказди.
2026 йилнинг 25 июнида имзоланган мазкур ҳужжат кўчмас мулк объектларининг бозор нархига яқин қийматини аниқлашнинг ягона тартибини белгилайди.
Унга кўра кўчмас мулк объектлари кўп квартирали уйлардаги турар жойлар, якка тартибдаги турар жойлар ва нотурар объектлар гуруҳларига ажратилади.
Баҳолашда кўчмас мулк бозори маълумотлари, битимлар, эълонлар ва бошқа нархга таъсир қилувчи омиллар ҳисобга олинади.
Ҳудудлар бозор нархларидан келиб чиқиб нарх зоналарига ажратилади ҳамда намунавий объектлар (эталонлар) асосида қиймат аниқланади.
Объектларнинг қиймати қиёсий, харажат ёки даромад ёндашувлари орқали ҳисобланади.
Қийматни аниқлашда қурилган йили, қурилиш материали, майдони, қавати, жойлашуви ва таъмирланганлик ҳолати каби омиллар инобатга олинади.
Оммавий баҳолаш натижалари Кадастр агентлигининг расмий веб-сайти ва ахборот тизимларида эълон қилинади.
Мулкдорлар кадастр рақами орқали ўз объектининг қиймати билан танишишлари мумкин бўлади.
Баҳолаш натижалари 90 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ҳамда мулкдорлар таклиф ва эътирозларини билдириши мумкин.
Баҳолаш натижаларидан норози бўлган шахслар ваколатли орган ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Мазкур ҳужжат кўчмас мулк объектларининг қийматини бозор тамойиллари асосида адолатли ва шаффоф аниқлашга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА