Қабул жараёнига бағишланган матбуот анжумани
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2026-2027 ўқув йили учун қабул жараёнига оид янгиликлар ва яратилаётган имкониятларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “Янги ўқув йили учун қабул жараёни: янгиликлар ва имкониятлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда университет раҳбарияти, қабул комиссияси масъуллари, профессор-ўқитувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари, таълим сифатини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда абитуриентлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳақида сўз борди. Жумладан, университет қабул комиссияси масъул котиби И. Алламбергенов 2026-2027 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишларига қабул жараёнининг муҳим жиҳатлари, ҳужжат топшириш тартиби, қабул кўрсаткичлари ва алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларни ташкил этиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик ишлари борасида маълумот берди.

Қайд этилганидек, қабул жараёнларини очиқ-ошкора ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини зарур маълумотлар билан ўз вақтида таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга университет раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди.
Тадбир якунида мазкур олий ўқув юрти ҳаёти, унда амалга оширилаётган таълим, илмий ва маънавий-маърифий ишларни кенг ёритиб келаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорчилик хати ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири