Кибержиноятларнинг олдини олиш барчанинг вазифаси
Навоий вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБ томонидан “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада жонлантириш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоят ИИБ Кибержиноятларга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Анвар Салимов ойлик доирасида фуқароларни огоҳликка ундаш, интернетдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кибермаконда содир этилаётган жиноятларга қарши курашишга қаратилган тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш ва онлайн тўловлар тизимини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу аҳоли ва тадбиркорлар учун катта қулайликлар яратаётган бўлса-да, кибержиноятчиликка қарши курашни янада кучайтиришни ҳам тақозо этмоқда.
- Банк карталари, мобил иловалар ва электрон платформалар орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳолатлари фуқароларнинг молиявий хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда, - деди А.Саломов. - Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу турдаги жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда. Ахборот технологиялар соҳасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни содир этиш усули ва турлари, жабрланувчиларнинг иш жойи бўйича виктимологик таҳлил қилинганда, жиноятларнинг “AПК” зарарли вируслари, “Сохта қўнғироқлар”, “онлайн савдо”, “сохта трейдинг” усуллари орқали содир этилаётганлиги маълум бўлмоқда.

Ўтган давр мобайнида АТ соҳасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аҳолини кибертаҳдидлардан огоҳлантириш юзасидан қарийб 5 минг маротаба тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, кибержиноятлардан ҳимояланиш усулларини тушунтирувчи 1 минг 280 та видеоматериал, 426 минг 869 та тарқатма материал ва флаерлар, 921 та баннерлар тайёрланди ҳамда ОАВ орқали чиқишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, аҳолини кибержиноятлардан ҳимоялаш мақсадида вилоятдаги 370 мингдан ортиқ аҳолининг телефон қурилмаларига “АПК қўриқчи” мобил иловаси ўрнатилиб, зарарли дастурлар орқали жабрланишларнинг олди олинмоқда.

Матбуот анжуманда вилоятда кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, жумладан, киберхавфсизлик борасидаги билим ва тушунчасини ошириш мақсадида ички ишлар ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш лозимлиги, бу борада ижтимоий роликларни янада кўпайтириш ва барча контентларда тарқатиш зарурлиги таъкидланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири