“Кенгаш соати” институти – масъул мансабдорлардан муаммолар юзасидан аниқ ҳисобот талаб қилиш ҳуқуқини беради
Маҳаллий кенгашлар вакиллари ҳар бир ҳудудда бор ва улар аҳолига энг яқин бўлган тузилмадир. Шу боис, мамлакатимизда маҳаллий кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ваколатлари тобора кенгайиб бормоқда.
Сенат ялпи мажлисида маъқулланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур қонун юзасидан Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова муносабат билдирди:
– Дарҳақиқат, сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришлар юртимизда давлат бошқарувини демократлаштириш йўлидаги энг муҳим қадамлардан яна биридир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни ҳудудларда тўлақонли ишлатиш учун бизга кучли ва мустақил маҳаллий кенгашлар зарур.
Илгари кенгашлар ҳокимликларнинг бир бўлинмаси каби фаолият юритган бўлса, бугун улар мустақил қарор қабул қилувчи орган сифатида шаклланмоқда.
Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси сифатида қонуннинг иккита муҳим жиҳатига тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчидан, кенгаш раиси ўринбосари лавозимининг жорий этилиши ва унга котибиятни бошқариш ваколатининг берилишидир. Бу нима учун муҳим? Илгари котибият ходимлари ташкилий жиҳатдан ҳокимлик тизимига боғланиб қолган эди, бу эса кенгашнинг ижро ҳокимияти устидан холис назорат олиб боришига тўсқинлик қилар эди. Эндиликда котибият ходимларини тайинлаш ва бўшатиш ваколати кенгаш раиси ўринбосарига ўтказилиши кенгаш аппаратининг тўлиқ мустақиллигини таъминлайди.
Иккинчидан, “Кенгаш соати” институтининг жорий этилишидир. Бу нафақат ҳуқуқий янгилик, балки катта ижтимоий аҳамиятга эга воқеликдир. Зеро, шу пайтгача аҳоли томонидан кўтарилган кўплаб муаммолар ижро ҳокимияти вакилларининг эътиборсизлиги сабабли ўз ечимини топмай келаётган эди.
Эндиликда депутатлар кенгаш раёсати орқали ўз ҳудудидаги исталган ташкилот раҳбарини “Кенгаш соати”га таклиф этиб, ундан мавжуд муаммолар юзасидан аниқ ҳисобот талаб қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Мазкур механизм ижро интизомини таъминлашда юқори самарадорликка эга бўлиб, маҳаллий кенгашларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини оширади ҳамда ҳудудий муаммоларни манзилли ҳал этиш имкониятини кенгайтиради.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА