Боку форумида Ўзбекистон тажрибаси юксак баҳоланди
Асрлар давомида ўзбек ва озарбайжон халқлари тарихий-маданий алоқалар, умумий туркий илдизлар, ўхшаш анъана ва қадриятлар билан чамбарчас боғланиб келган. Бу яқинлик икки давлат ўртасида ўзаро ишонч, конструктив мулоқот ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида Боку шаҳрида ўтган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев таклифига биноан иштирок этиши икки мамлакат ҳамкорлигининг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин.
ТДШУ Халқаро муносабатлар кафедраси мустақил тадқиқотчиси Зиё Жабборов таҳлилига кўра, ўзининг иқтисодий салоҳияти, аҳолиси ва геосиёсий ўрни билан Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи давлатлардан бири сифатида минтақавий интеграция, хавфсизлик ва транспорт-логистика соҳаларида муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакат ташқи сиёсатидаги ҳар бир муҳим қадам минтақа ва халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлади. Айниқса, кейинги йилларда урбанизация, уй-жой қурилиши, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда экологик барқарорлик йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро доираларда юқори баҳоланмоқда.
Эътироф этиш жоизки, форумнинг очилиш маросимида давлатимиз раҳбарини Илҳом Алиев ҳамда БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Анаклаудия Россбах қутлаб қарши олди. Тадбир кун тартибидан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва ҳамёнбоп уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини яхшилаш, иқлим барқарорлигини кучайтириш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, уй-жойни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари ўрин олди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида форумнинг “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” мавзуси бугунги жадал урбанизация даврида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Таҳлилларга кўра, ХХI аср ўрталарига келиб, Ер юзи аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда яшайди. Бу эса урбанизация жараёнларини илмий ёндашув асосида бошқариш, “ақлли шаҳар” технологияларини кенг жорий этиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни долзарб вазифага айлантирмоқда.
Президентимиз урбанизация суръатларининг ортиши ижтимоий муаммоларни ҳам кескинлаштираётганига эътибор қаратди. Бугун дунёда қарийб 3 миллиард инсон муносиб яшаш шароитларидан маҳрум. Уларнинг бир миллиарддан ортиғи норасмий турар жойлар ва носоғлом ҳудудларда истиқомат қилмоқда, 300 миллиондан зиёд одам эса умуман бошпанасиз ҳаёт кечиряпти. Иқлим ўзгариши, геосиёсий зиддиятлар ва иқтисодий инқирозлар глобал миграция тўлқинларини кучайтириб, шаҳарлар зиммасига янада катта юк юкламоқда.
– Оддий қилиб айтганда, урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка бевосита таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбари шаҳарларни барқарор ривожлантириш Янги Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга устувор вазифалардан бири эканини алоҳида қайд этди. Яқин 15 йилда мамлакат аҳолиси 38 миллиондан 50 миллион нафарга етиши, урбанизация даражаси эса 51 фоиздан 65 фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда.
Шу муносабат билан, ўлкамизда шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш ва уй-жой қурилишини кенгайтиришга қаратилган йирик дастурлар амалга оширилмоқда. Охирги ўн йилда қурилаётган уй-жойлар ҳажми қарийб 10 баробарга ошди. Хусусан, 2025 йилда 238 мингта хонадон барпо этилган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич яна 1,5 баробарга ошиши кутилмоқда. Аҳолини ҳамёнбоп уй-жой билан таъминлаш дастурлари учун ҳар йили давлат бюджетидан қарийб 2 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда.
Норасмий турар жойлар муаммосини ҳал этиш мақсадида 2024 йилда махсус қонун қабул қилиниб, 100 мингга яқин уй-жойга ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштириб берилди. Шу билан бирга, мамлакатда эскирган уй-жой фондларини янгилашга қаратилган реновация дастури амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ, янгиланган хонадонлар улушини 15 фоиздан 60 фоизга етказиш режалаштирилган.
Президент нутқида “Янги Тошкент” мегалойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа асосида “яшил”, “ақлли”, “хавфсиз” ва “15 дақиқали шаҳар” тамойиллари мужассам этилган. Лойиҳанинг биринчи босқичидаёқ қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция ташаббусларини амалга ошириш бошланди. Шунингдек, “Яшил макон” ва “Тоза ҳаво” дастурлари доирасида 2030 йилга қадар шаҳарлардаги яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш вазифаси белгилангани таъкидланди.
– Энг муҳими, бу каби лойиҳалар фақат пойтахтда эмас, балки “Янги Ўзбекистон” массивлари асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 61 та шундай массив барпо этилди, 2030 йилга бориб эса уларнинг сони 100 тага етади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Нутқ якунида Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Давлатимиз раҳбари форумнинг асосий мавзуси сифатида “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни”ни белгилашни таклиф қилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг урбанизация, барқарор ривожланиш ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш соҳаларида тўплаган тажрибасини халқаро майдонда намоён этишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Зеро, маҳалла институти асрлар давомида халқимиз ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам у шаҳарлар тараққиёти, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, экологик маданиятни юксалтириш, бандликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Мусулмон Зиё, ЎзА