Кенг имконият ва имтиёзлар самараси
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар тури ва ҳажмини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.
Сифатли, арзон, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва бозорда ўз ўрнини топиш осон иш эмас. Президентимиз раҳнамолигида яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар самарасида бунинг уддасидан чиқаётган корхоналар сони тобора ортиб бормоқда. Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 2010 йилда ташкил этилган “Aziya-Plast Oltinsoy” савдо ишлаб чиқариш корхонаси дастлаб уч нафар ишчи билан фаолият бошлаган ва бир ойда 5 минг погонометр полимер қувур ишлаб чиқарар эди. Бугун эса бу кўрсаткич беш баробар кўпайиб, 25 минг погонометрга тенг сифатли маҳсулот харидорларга етказиб берилмоқда. Ишчилар сони ҳам ўн нафардан ошди.
– Корхонамизнинг замонавий технологиялар билан жиҳозлангани чидамли ва харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бермоқда, – дейди корхона раҳбари Мурод Абдуллаев. – “Aziya-Plast” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган полиэтилен қувурларимиз газ ва сув тармоқларини барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш, реконструкция қилишда кенг қўлланилмоқда. 15 диаметрдан 110 диаметргача бўлган ушбу қувурларнинг кафолат муддати 50 йил. Айни пайтда Халқ банкининг Олтинсой туман бўлимидан олинган 200 миллион сўм кредит маблағи эвазига янги иш ўринлари яратиш ва маҳсулот ҳажмини ошириш, экспортга йўналтириш устида иш олиб бормоқдамиз.
Халқимизнинг сув келтирган элда азиз, деган ҳикматига амал қилган корхона жамоаси туманнинг чекка қишлоқлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳомийлик ёрдами кўрсатди. Беш километрга яқин масофага сув қувури ётқизилди. Айни пайтда вилоятнинг бошқа туманларига ҳам қувурлар шартнома асосида етказиб берилаётир.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида шаҳару қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этиб, юртимиз обод, турмушимиз тобора фаровон бўлиб бормоқда. Буларнинг барчаси мустақил Ўзбекистонимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканининг амалдаги ифодалари сифатида қалбимизга ғурур-ифтихор бағишлайди.