Интенсив боғлар барпо этилади
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, фойдаланишдан чиққан майдонларни қайта ўзлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда қишлоқ жойларда янги иқтисодий имкониятлар яратишга қаратилган.
Бу борада Бухоро вилоятида ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, айниқса, чўл ҳудудларини иқтисодий айланмага киритиш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ишчи ўрганишлар билан вилоятда бўлган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бухоро туманида фойдаланишдан чиққан ер майдонларини қайта ўзлаштириш бўйича олиб борилаётган агротехник ишлар билан танишди.
Эътиборлиси, мазкур ҳудуд Бухоро халқаро аэропортидан атиги беш километр масофада жойлашган бўлиб, умумий қарийб 1 минг гектар майдонни қамраб олади. Лойиҳа доирасида бу ерда мевазор боғлар, жумладан, ўрикзорлар барпо этиш, шунингдек, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш режалаштирилган.
Аслида, чўл ҳудудларида бундай лойиҳаларни амалга ошириш оддий деҳқончилик ишларидан кўра кенгроқ мазмунга эга. Зеро, фойдаланишдан чиққан ерларни қайта ўзлаштириш, уларнинг табиий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш орқали янги ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда қўшимча иқтисодий қиймат яратилади.
Ҳудудга туташ 100 гектар майдонда “Уч қарағай агро лэнд” МЧЖ томонидан пахтанинг серҳосил навларини интенсив агротехнологиялар асосида етиштириш ҳам кўзда тутилган. Бунинг учун томчилатиб суғориш тизими жорий этилиб, ғўза кўчатларини рангли плёнка остида парваришлаш режалаштирилмоқда.
Бундай технологияларнинг чўл шароитида қўлланилиши жуда муҳим. Чунки сув ресурслари чекланган ҳудудларда анъанавий суғориш усулларига таяниш катта харажат ва ресурс сарфини талаб этади. Томчилатиб суғориш эса сувни бевосита ўсимлик илдизига етказиш орқали уни тежаш, намликни мақбул даражада сақлаш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Лойиҳа қамрови бу билан чекланмайди. Чўл ҳудудларининг бошқа қисмларида ҳам “Мерган текс” ва “Бухоро агрокластер” МЧЖлар томонидан серҳосил ғўза навларини етиштириш режалаштирилган. Шунингдек, Бухоро халқаро аэропортига олиб борувчи автомобиль йўлининг икки томонидаги кенг майдонларда чорвачилик учун озуқа экинлари экилиб, мустаҳкам озуқа базасини шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Бу эса ҳудудда қишлоқ хўжалигининг бир нечта йўналишини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантириш имконини беради. Бир томондан, боғдорчилик ва пахтачилик ривожланса, иккинчи томондан, чорвачилик учун зарур озуқа базаси яратилади. Натижада ер ресурсларидан комплекс фойдаланиш, ишлаб чиқариш занжирини кенгайтириш ва қўшимча қиймат яратиш учун замин ҳозирланади.
Ўрганиш жараёнида вазир лойиҳалар самарадорлигини оширишда хорижий ва маҳаллий инвесторлар иштирокини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, АҚШнинг “Valley”, Австриянинг “Bauer” компаниялари ва бошқа хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, пахтачилик, боғдорчилик ҳамда чорвачилик йўналишларида замонавий ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу ўринда, халқаро тажриба ва замонавий техника-технологияларни жалб этиш чўл ҳудудларини ўзлаштиришда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу нафақат ишлаб чиқариш жараёнларини самарали ташкил этиш, балки сув тежовчи ечимлардан фойдаланиш, маҳсулот таннархини камайтириш ва аграр соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Ўрганишлар якунида лойиҳалар доирасида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида, тизимли ва сифатли амалга ошириш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини изчил ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шубҳасиз, қарийб минг гектар майдонда режалаштирилаётган ушбу ишлар Бухоро қишлоқ хўжалиги учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин. Энг муҳими, чўл ҳудудларини замонавий агротехнологиялар асосида ўзлаштириш орқали ернинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва вилоятнинг аграр тармоғини янада диверсификация қилиш учун замин яратилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири