Келажакнинг сиёсий иродаси ва миллионлар шижоати: Ўзбекистон ёшлар лигаси даври
Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қандай буюк уйғониш ва юксалиш даврларининг замирида ҳамиша иккита буюк куч мужассам бўлган: уларнинг биринчиси — порлоқ ақл-заковати ва шижоати билан дунёни ўзгартиришга қодир бўлган навқирон авлод бўлса, иккинчиси — шу авлодга чексиз ишонч билдириб, унга тоғдек таянч бўла олган узоқни кўрувчи сиёсий иродадир. Бугун биз гувоҳи бўлаётган Янги Ўзбекистон заминида айнан мана шу икки кучнинг тарихий учрашуви ва уйғунлиги содир бўлмоқда.
Давлат раҳбарининг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи шунчаки байрам табриги ёки расмий маъруза эмас. Бу — юрагида Ватан ишқи, кўзида порлоқ келажак соғинчи бўлган миллионлаб йигит-қизларимизнинг қалбига йўл топган, уларни янги марралар сари руҳлантирган тарихий дастурил амалдир. Президентимиз таъкидлаганидек, бугун дунё ўзгарган — давлатлар энди ҳудуди ёки аҳолисининг сони билан эмас, балки айнан билими, технологияси ва инсон капитали билан рақобатга киришмоқда. Билимлар иқтисодиёти ҳал қилувчи кучга айланган ушбу асрда, ўзбек ёшлари шунчаки ислоҳотларнинг томошабини эмас, балки Учинчи Ренессанс пойдеворини ўз қўллари ва тафаккури билан барпо этувчи асосий локомотивига айланмоқда.
Мамлакатимизда ёшлар сиёсати қоғозлардаги баландпарвоз режалардан амалий ҳаётга — ҳар бир хонадон ва маҳалла бағрига кўчди. Ҳар бир маҳаллада ташаббускор “Ёшлар етакчиси” корпусининг шакллантирилгани ва ҳар ҳафтанинг пайшанба куни Ёшлар куни сифатида давлат идораларининг бош кун тартибига айлантирилгани тизимнинг тубдан ўзгарганидан далолатдир. Бу мақсадга нафақат Ёшлар ишлари агентлиги ва Маҳаллалар уюшмаси, балки Давлат хавфсизлик хизмати ва барча вазирликлар тизимли равишда сафарбар этилди. Натижалар эса кўп куттирмади: биргина “Ёшлар дафтари” орқали ҳаётда ўз йўлини топишда қийинчиликка учраган 1,5 миллион нафар йигит-қизнинг муаммоси ҳал этилди. Кўрсатилган юксак ишонч ва яратилган қулай бизнес муҳити эвазига ёш тадбиркорлар сони 5 карра ортиб, 287 минг нафардан ошди. Хорижий тилларни қунт билан ўрганаётган ўғил-қизларимиз сони эса бугун 3,5 миллион нафарга етди. Энг қувонарлиси, тарбияси оғир, эътибордан четда қолган ёшларнинг ҳокимлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига бириктирилиши натижасида кейинги икки йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик 2,5 баробарга камайди.
Давлат раҳбари Наманган вилоятида синовдан ўтган “Бир ой — тўртта маҳалла” лойиҳаси ва “маҳалла устози” тизимини бутун республикага оммалаштиришни вазифа қилиб қўйди. Бундан буён Бош вазир назорати остида ҳар бир раҳбарнинг фаолияти йил якунида ёшлар билан қандай ишлаганига қараб баҳоланади: юқори натижа кўрсатганлар моддий рағбатлантирилиб, давлат мукофотларига тавсия этилса, масъулиятсизлик қилганларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилади.
Бу йил мактаб партасини тарк этган 472 мингдан зиёд битирувчининг тақдири давлатнинг диққат марказида турибди. Уларнинг 300 мингга яқини олийгоҳларда, 80 минг нафари техникумларда таълимини давом эттирса, қолган йигит-қизларни касб-ҳунарли қилиш ва олийгоҳни тугатган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш учун Миллий банк ва Алоқабанк сингари йирик молиявий тузилмалар сафарбар этилмоқда. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги куннинг муваффақият формуласи учта энг муҳим устунга — билим, касб ва технологияга таянади. Шу боис мамлакатимизда йилига 500 минг нафар ўғил-қизнинг замонавий касб эгаллашини таъминлайдиган “Келажак билимлари экотизими” жорий этилмоқда. Ушбу янги тизим доирасида ёшларга таълим марказлари очиш учун ер ва давлат объектлари 5 йил муддатга фоизсиз, бўлиб тўлаш шарти билан берилади, инфратузилма давлат томонидан барпо этилиб, кредит ставкаларининг 7 фоизи компенсация қилинади. Ҳаттоки, хориждан илғор ўқув дастурлари ва устозларни олиб келган тадбиркорлар харажатининг ярмини давлат ўз зиммасига олмоқда. Меҳнат бозорининг халқаро талаблари асосида кўникма эгаллашни истаган ёшларга фоизсиз ссуда шаклидаги “касб ваучерлари” берилади ва эҳтиёжманд оилалардаги 85 минг нафар ишсиз ёшга хусусий марказларда бепул ўқиш имконияти яратилади. Бунинг учун давлат биргина жорий йилнинг ўзида 120 миллиард сўм маблағ ажратди.
Замонавий касб-ҳунар таълимининг ўзаги бўлган техникумлар фаолиятида ҳам хусусий сектор иштирокини кенгайтириш учун 20 дан ортиқ ортиқча лицензия талаблари бекор қилинди ва янги ўқув йилидан бошлаб уларга давлат грантлари ажратиладиган бўлди. Халқаро касб танловларида юртимиз байроғини баланд кўтарган техникум ўқувчилари 100 миллион сўм, уларнинг устозлари эса 50 миллион сўм мукофот олади. Бугун хорижий тилларни мукаммал биладиган 650 мингдан ортиқ ёшларимизнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида Рақамли контент платформаси ишга туширилиб, ҳар йили 20 миллиард сўм йўналтирилади. Хорижда таълим олаётган 150 мингдан зиёд ватандошларимиз эса Савдо-саноат палатаси ва туризм соҳаси кўмагида маҳаллий экспортчи корхоналарга боғланади. Улар ўзлари ўқиётган давлатлардаги бозор эҳтиёжларини таҳлил қилиб, миллий маҳсулотларимиз брендини дунёга тарғиб қиладилар. Бу эса талабаларга ҳам қўшимча грантлар ва юқори даромад келтиради. Миллий авиакомпаниямизнинг хориждаги ваколатхоналарида ҳам улар учун махсус тарғибот стендлари яратилади. Шунингдек, олийгоҳ битирувчисини ишга олган тадбиркорлар учун даромад ва ижтимоий солиқнинг бир йил давомида атиги 1 фоиз қилиб белгиланиши 200 мингга яқин ёш мутахассислар учун янги иш эшикларини очади.
Давлат сиёсатининг энг гўзал инсонпарварлик фазилати — ҳеч бир фарзандини эътибордан четда қолдирмаслигида намоён бўлади. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, миграциядан ёки ҳарбий хизматдан қайтган, имконияти чекланган 1 миллион нафар ёшларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” тизими тубдан трансформация қилинмоқда. Эндиликда “Кафолатланган биринчи қадам” пакети доирасида уюшмаган ёшларга “устоз-шогирд” анъанаси асосида касб ўргатилиб, уларга кўмак берган талабаларга магистратурага киришда қўшимча баллар берилади. Ўз брендига эга ёшлар уюшмаган тенгдошларига бизнесни ўргатса, уларга 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда бериладиган “Ёшлар мини-франшизаси” дастури ишга туширилади ва бунга 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Ижтимоий хавф гуруҳидаги болаларни санъат, спорт ва таълимга йўналтириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олувчи “Қанот” лойиҳаси ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Давлат раҳбари ёшлар орасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишни умуммиллий ҳаракатга айлантириб, жиноий жавобгарликни кескин кучайтирганини, соғлом генофондни асраш йўлида бу балони таг-томири билан қуритмагунча тўхтамаслигини қатъий таъкидлади.
Бугун юртимизда йиллик айланмаси 50 дан 500 миллиард сўмгача бўлган марраларни забт этаётган янги авлод вакиллари — “ёш чемпион тадбиркорлар” пайдо бўлди. Уларнинг сафини кенгайтириш учун Банк-молия академияси ёшлар тадбиркорлигининг “ақл маркази” га айлантирилади, истиқболли лойиҳаларга 5 миллиард сўмгача тўғридан-тўғри инвестиция киритилади. Охирги тўққиз йилда маҳаллий стартап экотизимимиз 15 баробар ўсиб, 4 миллиард доллардан ошди ва Ўзбекистон “Глобал стартап индекси” да 31 поғона юқорилаб, дунёда “2026 йил мамлакати” деб эълон қилинди. Эндиликда ҳар бир вазир ва ҳоким камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғармасини ташкил этган ҳолда “1 мингта масалага — ёшлардан 1 мингта ечим” лойиҳасини йўлга қўяди.
Янги аср — рақамли технологиялар ва глобал интеллектуал мусобақалар давридир. Рақамли ҳукумат марказида биринчи суперкомпьютер кластерининг ишга туширилиши ва олийгоҳларда сунъий интеллект лабораторияларининг ташкил этилиши ёшларимизга янги имкониятлар эшигини очмоқда. Республика бўйлаб барпо этилаётган 100 минг квадрат метр майдонга эга йирик IT парклар 20 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз учун юқори даромадли иш ўрни яратади. Эҳтиёжманд оилалардаги 10 минг нафар ёшга ноутбук олиш харажатининг ярми қоплаб бериладиган “Менинг биринчи компьютерим” дастури ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги давлат стипендияси, шунингдек, хусусий олийгоҳларга ҳам татбиқ этиладиган “Муҳандис қизлар” стипендияси иқтидор эгалари учун юксак рағбатдир. Ҳаттоки, ёшларнинг вақти рақамли маконда ўтаётганини инобатга олиб, миллий руҳдаги компьютер ва мобиль ўйинлар яратиш учун йилига 10 миллиард сўмлик давлат буюртмаси бериб борилади.
Ушбу барча ислоҳотларнинг энг йирик ва муҳим занжири — 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион 300 минг нафар ёшларнинг маълумотлар базасини яхлит портфолио шаклида бирлаштирувчи “Ўзбекистон ёшлар лигаси” умуммиллий ҳаракатининг ташкил этилишидир. Бу платформада юқори балл тўплаган йигит-қизларга таълимда грантлар, касб ўрганишга ваучерлар, тадбиркорликда имтиёзли кредитлар, давлат хизмати учун кадрлар захирасига кириш ва имтиёзли ипотека уй-жойлари автоматик равишда тақдим этилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эса эндиликда нафақат давлат, балки хусусий сектор буюртмаси асосида ҳам ёшлар дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олишлари мумкин бўлади. Ушбу ташаббусларнинг барчасини молиялаштириш учун келгуси уч йилда давлат томонидан 1,5 триллион сўм ва хориж фондидан 100 миллион доллар маблағ ажратилиши бутун мамлакат миқёсидаги улкан қадамдир.
Президентнинг байрам нутқида илгари сурилган ҳар бир ташаббус, ажратилаётган триллионлаб маблағлар ва яратилаётган мисли кўрилмаган шароитлар замирида фақат биргина олий мақсад мужассам: у ҳам бўлса — бу муқаддас тупроқда вояга етаётган ҳар бир йигит-қизнинг қалбида миллий ғурур, дахлдорлик туйғусини ва ўз кучига бўлган чексиз ишончни уйғотишдир.
Қадрли фарзандларим, дея чуқур меҳр ва масъулият билан мурожаат қилган Давлат раҳбарининг сўзлари бугун ҳар бир ўзбек ёшининг қалб садосига айланиши лозим. Зеро, бугунги навқирон авлод — буюк цивилизацияларга асос солган, инсоният тафаккурининг “ақл чироғи” бўлган Хоразмийлар, Фарғонийлар, Ибн Синолар ва Мирзо Улуғбекларнинг том маънодаги қондоши ва виждоний ворисидир. Аммо ворислик — бу фақат ўтмиш билан фахрланиш эмас, балки аждодлар шаънига муносиб бўлиш, Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври пойдеворини яратишдек улуғвор ва тарихий масъулиятдир.
Катта марралар сари ташланган ҳар бир дадил қадамингизда, илмга ташналик ва янгиликка интилишингизда унутманг: ортингизда сизни дунёга келтирган ота-онангиз, оқ сут бериб вояга етказган она-Ватанингиз, келажагингизга ишониб кўз тикиб турган халқимиз ва сизга тоғдек таянч бўлиб турган Юрт Президенти бор! Ниятингиз улуғ, қаддингиз баланд, йўлингиз ҳамиша очиқ бўлсин, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажаги ва порлоқ тонги!
А.Ғаффоров,ЎзА