Инновациялар йўлидаги халқаро ҳамкорлик (+видео)
Тошкент давлат аграр университетида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида таълим, илм-фан ҳамда инновацион тадбиркорлик соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим халқаро тадбир – Хитой – Марказий Осиё талабалар инновациялари ва тадбиркорлиги танловининг минтақавий финали бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли танловнинг айнан Тошкентда ташкил этилгани бежиз эмас. Кейинги йилларда Ўзбекистонда илм-фан, инновациялар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу эса мамлакатнинг минтақадаги таълим ва инновациялар марказларидан бири сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари таълим, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва технологиялар соҳасида изчил ривожланмоқда. Айниқса, аграр соҳадаги ҳамкорлик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қурғоқчил ҳудудларда замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Танловга Марказий Осиё мамлакатларининг олий таълим муассасаларидан юзлаб инновацион жамоалар ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Бир неча босқичли саралаш жараёнларидан муваффақиятли ўтган энг яхши ишланмалар Тошкентдаги финалда экспертлар ҳайъатига тақдим этилди. Иштирокчилар ўз лойиҳаларини ҳимоя қилиб, экспертларнинг саволларига жавоб берди.
Танлов доирасида ташкил этилган мулоқотлар, давра суҳбатлари ва тақдимотлар ёш тадқиқотчилар ҳамда бўлажак тадбиркорлар учун ўзаро тажриба алмашиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилашга хизмат қилди.
Тадбирда иштирок этган Хитойнинг Шимоли-Ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети ўқув ишлари бошқармаси раҳбари Дай У нинг таъкидлашича, танловни Тошкентда ўтказиш қарори тасодифий эмас.
– Хитой ва Ўзбекистонни кўп асрлик дўстона муносабатлар, илм-маърифатга бўлган юксак эътибор ва ўзаро ишонч боғлаб туради. Шу боис танлов учун айнан Ўзбекистон танланди. Марказий Осиёда ўз ўрнига эга мамлакат сифатида Ўзбекистон ёшлар инновацияларини қўллаб-қувватлашда муҳим шерикдир. Биз танловнинг совриндорларини Хитойга таклиф этиб, уларнинг илмий салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчи университетлар, илмий марказлар ва инновацион муҳит фаолияти билан яқиндан таништиришни режалаштирганмиз, – деди Дай У.
Тадбир иштирокчилари сунъий интеллект, рақамли технологиялар, замонавий агротехнологиялар, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, “яшил” иқтисодиёт ва экологик барқарорлик йўналишларида ишлаб чиқилган инновацион лойиҳаларни тақдим этди. Мутахассислар фикрича, бундай ташаббуслар илмий ғояларни амалиётга жорий этиш, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва рақобатбардош стартапларни шакллантириш учун муҳим майдон ҳисобланади.
– Танловда Марказий Осиё мамлакатларидан 700 дан ортиқ талабалар жамоалари ўз инновацион лойиҳалари билан иштирок этди, – дейди Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродов. – Қишлоқ хўжалиги, инновациялар, рақамли технологиялар ва бошқа қатор йўналишлардаги истиқболли ишланмалар тақдим этилди. Лойиҳалар ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар томонлама баҳоланди. Бу ташаббус нафақат минтақамиз, балки жаҳон қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий ечимларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади. Ёшлар илмий ва инновацион ғоялари билан фаол иштирок этаётганининг гувоҳи бўлдик. Ишончим комилки, танловда тақдим этилган кўплаб лойиҳалар келгусида мамлакатимиз ва бутун дунё аграр соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Бугун Марказий Осиёда стартап экотизими жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда ҳам йил давомида турли танловлар, грант дастурлари, инновация марказлари ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилмоқда. Бунинг асосий мақсади иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш ва инновацияларни ҳаётга кенг татбиқ этишдан иборат.
Танлов якунида энг яхши деб топилган жамоалар муносиб тақдирланди. Мукофот соҳиблари Хитойда бўлиб ўтадиган Хитой халқаро талабалар инновациялари танловининг жаҳон финалида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Шунингдек, улар учун Хитойнинг етакчи университетлари, илмий марказлари ва инновацион корхоналарида амалий тажриба алмашиш дастури ҳам ташкил этилади.
Мазкур танлов Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ёшлар инновацион ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқотлар ва инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, минтақада барқарор иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим халқаро платформага айланиб бормоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/w6ZvT4cupcw" title="Innovatsiyalar yo‘lidagi xalqaro hamkorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова, ЎзА